Тошкентда коронавирусга чалинган 72 ёшли эркак 3 июнь куни вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тошкентлик М.да 2 июнь куни COVID-19 аниқланиб, Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган эди. 72 ёшли бемор узоқ йиллардан буён юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллиги, қандли диабетнинг иккинчи тури ташхиси билан даволаниб келган. 2000 ва 2019 йилларда у икки марта миокард инфарктини ўтказган.

Беморнинг даволаниши давомидаги кунлик аҳволи Ўзбекистондаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари назоратида бўлган. Бундан ташқари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокорлари томонидан консилиумлар ўтказиб турилган. Бироқ мутахассисларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан жонлантириш бўлимида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўпка-юрак етишмовчилиги, бош мия қон айланишининг ўткир бузилишидан вафот этди.

Ушбу ўлим ҳолатидан сўнг Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган беморлар сони 16 нафарга етди.

Бунгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида ўлим ҳолати 31 май куни қайд этилганди. Коронавирусдан вафот этган 15-беморда ҳам ўлимидан бир кун аввал инфекция аниқланганди. Вафот этган 16 кишининг 8 нафари Тошкент шаҳрида давоналанаётган эди.

3 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 3815 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 3014 нафари тузалишга муваффақ бўлди.