Германияда бир ўриндиқли ноёб Innotruck юк машинаси сотувга қўйилди. Футуристик автомобиль устида дунёга машҳур дизайнер Луижи Колани иш олиб борган, деб ёзади James Edition.

Фото: James Edition

Innotruck 2012 йилда пайдо бўлган. Siemens компаниясининг буюртмаси асосида мазкур юк машинасини яратишда Колани Мюнхен техника университети мутахассислари билан биргаликда ишлаган.

Машина ташқи кўриниши жиҳатидан реактив самолёт ва космик кемани ёдга солади. Innotruck’нинг ўзига хослиги кузов остида жойлашган бир ўриндиқли кабинага эгалигида. Ноодатий жойлашув ва панорама ойналари сабаб ҳайдовчида парвоз ҳисси уйғонади.

Кабина сенсор дисплейлари билан жиҳозланган бўлиб, салонни ҳар бир ҳайдовчи учун индивидуал равишда қулайлаштириш мумкин. Юк машинасининг йўловчи салонида эса дам олиш хонаси ва ошхона бор.

Фото: James Edition

Innotruck автоном. У қуёш панеллари ва шамол генераторлари ёрдамида энергияни ўзи ишлаб чиқара олади. Ушбу юк машинасини харид қилишни истаганлар бир нарсага эътибор қаратишлари лозим, муҳандислар уни қайта жиҳозламоқда — гибрид двигатель ўрнини электродвигатель эгаллайди.

Фото: James Edition

Шунингдек, бу турдаги автомобиль билан жамоат йўллари орқали ҳаракатланиш мумкин эмас, чунки унинг тегишли сертификати йўқ.

Футуристик юк машинасининг нархи номаълум. У фақат харидорларга айтилади.

Фото: James Edition

Таъкидланишича, бу турдаги юк машинасидан иккита яратилган. Биттаси ҳозир сотилмоқда, иккинчисига Коланининг оиласи эгалик қилади.

Фото: James Edition