Бухоро вилоятининг Жондор туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Ҳодиса 31 май куни соат 17:30 да Ғузор–Бейнеу йўналишидаги А-380 йўлининг 301-километрида, «Луқмон» Газли чўл ҳудудидан ўтувчи асфалт йўлда содир бўлган. 24 ёшли ҳайдовчи Ш.Х. Lacetti автомобилини бошқариб кетаётиб ўзига нисбатан йўлнинг қарама-қарши йўналишидан ҳаракатланиб келаётган 46 ёшли Д.Ш. бошқарувида бўлган MAN юк автомашинасини олд қисмига бориб урилиб, йўл транспорт ҳодисаси содир қилган.
Оқибатда Lacetti ҳайдовчиси Ш.Х. ва ушбу автомашина олд йўловчи ўриндиғида ўтирган йўловчи 48 ёшли Т.Қ. оғир тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойда вафот этган.
ЙҲХББ томонидан эълон қилинган суратларда Lacetti машинаси бўлакларга бўлиниб кетганини кўриш мумкин.
Ҳолат юзасидан Жондор туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда бўйича айбдор деб топилган шахс 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари Бухоро вилояти ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.
ЙҲХББ ҳайдовчиларга мурожаат қилиб, транспорт воситасини бошқараётган вақтда ҳушёр бўлишни ва амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»га қатъий риоя қилишни сўраб қолди.
Эслатиб ўтамиз, 3 май куни Сурхондарё Captiva билан тўқнашган трактор ҳам бўлакларга бўлиниб кетган ва ҳодиса оқибатида 13 ёшли бола вафот этганди. Бухоро вилоятида 19 май куни Nexia ва Lacetti тўқнашуви оқибатида ҳам 2 киши ҳалок бўлганди.
Изоҳ (0)