Ўзбекистон давлат консерваториясига 5 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га ДХХдаги манбалари хабар берди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон давлат консерваторияси қошидаги Иқтидорли болалар академик лицейи катта ўқитувчиси А.А. ушбу лицейни битирган ўқувчини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Ўзбекистон давлат консерваториясига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг эвазига 5 минг доллар талаб қилган.

ДХХ ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги департамент вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида А.А. бу пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик ) ва 28 (Жиноят иштирокчилари), 211-моддалари (Пора бериш)га асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ишларга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.