Анъанага кўра, май ойининг охирги якшанбаси юртимизда ва ҳамдўстлик мамлакатларида кимё соҳаси мутахассисларининг касб байрами сифатида нишонланади. Бу йил мазкур сана 31 май кунига тўғри келмоқда. Сана тарихи ва қизиқарли фактлар ҳақида «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов маълумот беради.

Фото: Google Photos

Кимё шубҳасиз энг муҳим амалий фан соҳаларидан биридир. Фан ютуқларини ишлаб чиқаришга татбиқ этилиши борасида ҳам кимё олдига тушадигани йўқ бўлса керак. Нобель мукофоти топшириладиган энг муҳим йўналишлардан бири сифатида ҳам бежизга ушбу соҳа алоҳида қайд этилмаган.

Кимёгарлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар орқали иқтисодиётнинг яна кўплаб бошқа соҳалари ҳам иш юритади. Хусусан, кимё заводларида ишлаб чиқарилган минерал ўғитлардан фойдаланиб, деҳқонларимиз мўл ҳосил олади ва озиқ-овқат хавфсизлигига ҳисса қўшади, фармацевтлар дори-дармонлар тайёрлайди, сунъий толалардан эса турли матолар тўқилади. Полимер маҳсулотларнинг эса бугунги кундаги аҳамиятини алоҳида таъкидлашга ҳожат ҳам йўқ. Шунингдек, парфюмерия, бўёқлар, маиший кимё маҳсулотлари дейсизми, қўйингки, ҳаётимизнинг барча жабҳасида бугунги кунда кимё фани кириб бормаган жойнинг ўзи деярли йўқ.

Манбаларга кўра, «кимё» қадимги мисрликлар тилидаги «кем» сўзидан келиб чиққан дейилади. Мисрда Нил дарёси тошқинларидан кейин қоладиган унумдор серҳосил тупроқни айнан «кем» деб аташган. Нил водийсининг ўзини эса «кемиа» деб номлашган. Кейинчалик, бу термин араб тилидаги «ал-кимя» сўзи орқали бугунги кунда бутун жаҳон тилларидаги «кимё» терминининг ўзагига айланди. Эътибор берсангиз, ўзбекча «кимё» сўзида ҳам, инглизча chemistry сўзида ҳам, русча «химия» сўзида ҳам айнан ушбу ўзак мавжуд.

Термин қадимги Мисрда пайдо бўлган бўлса-да, лекин мустақил фан сифатида кимё асосан XVII асрдан кейин, асосан Роберт Бойлнинг илмий ишлари туфайли шакллана бошлади. Бойль сиёҳ моддаларни кимёвий усулда олиш йўлларини кашф қилди ва кимёвий индикаторлардан фойдаланишни ихтиро қилди. Лекин Бойлгача бўлган замонларда кимё илми долзарб бўлмаган дейиш ҳам мутлақо хато бўлади. Ундан аввалги асрлар мобайнида кимё асосан табиб-ҳакимлар ва алкимёгарлар томонидан ўрганилиб, тараққий этиб борган. Биргина алкимёгарлар томонидан рух, сурма, фосфор, висмут ва мишяк (маргимуш) элементларининг кашф этгани бунга далилдир.

Фото: Google Photos

Ўрта аср мусулмон шарқи алломалари ҳам кимё борасида чуқур билимларга эга бўлиб, ўз илмий ишларида бу борада катта ҳажмдаги маълумотлар битиб кетган. Хусусан, буюк бобокалонларимиздан Абу Наср Фаробийнинг минераллар борасидаги ишлари, Ибн Синонинг эфир мойлари устида олиб борган изланишлари ҳайратланарли даражада мукаммаллиги билан ҳозирги замон кимёгарларини ҳам лол қолдириб келмоқда. Ибн Сино бобомиз олтингугурт, азот кислоталари, натрий ва калий гидрооксидларини ажратиб олиш усулларини аниқлагани ва амалиётда ундан кенг фойдаланганлиги тарихчи Жузжоний томонидан қолдирилган қайдлардан маълум.

Кимё илмининг тамал тоши қўйилган замонларда бу фан, шунингдек, Антуан Лавуазье, Жон Дальтон, Генри Кавендиш, Амедео Авогадро, Юстус Либих, Фридрих Кекуле, Бутлеров, Бертолле, Йенс Якоб Берселиус сингари олимларнинг фаолияти билан чамбарчас боғлиқ тарзда ривожлана бошлади. Албатта, бу борада 1869 йилда Дмитрий Менделеев томонидан кимёвий элементлар даврий жадвалининг кашф қилиниши янада муҳим аҳамият касб этган. Кейинчалик Мария Кюри, Эрнест Резерфорд, Фриц Габер, Дебай, Вольфганг Паули, Лайнус Полинг сингари олимларнинг саъй-ҳаракатлари билан замонавий кимёнинг пойдевори қурилди.

ХХ асрдан бошлаб юртимизда ҳам кимё фанининг замонавий етук олимлари етишиб чиқа бошлади. Хусусан, Зарифа Саидносирова, Собир Юнусов, Карим Аҳмедов, Обид Содиқов, Ҳамдам Усмонов, Зокиржон Салимов, Сайёра Рашидова сингари атоқли кимёгар олимлар нафақат Ўзбекистоннинг, балки дунё илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшган. ХХ аср фан-техника инқилобидан сўнг кимёвий тадқиқотларнинг натижаларини амалда кенг қўллай бошланиши кимё саноатининг жадал суръатлар билан тараққий этишига сабаб бўлди.

Чунки инсониятга ҳаётнинг ҳар бир жабҳасидаги чекланмаган миқдордаги эҳтиёжларини қондириш йўлида кимё фани янгидан-янги имкониятларни очиб берди. Хусусан, озиқ-овқат хавфсизлиги борасида беқиёс ечим бўлган синтетик минерал ўғитларнинг саноат миқёсида олинишининг йўлга қўйилиши, сунъий толалар, фармацевтика маҳсулотлари (масалан антибиотиклар) каби кимё илм-фани ютуқларига асосланган маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишини йўлга қўйилиши, инсониятнинг бир неча азалий муаммоларини ҳал этишда катта роль ўйнади.

Фото: Google Photos

Бугунги кунда юртимиз иқтисодиётида ҳам кимё саноати энг муҳим тармоқлардан бири саналади. Кимё корхоналаримизда ўн минглаб одамлар иш билан таъминланган, улар ишлаб чиқарган маҳсулотлар эса ички ва ташқи бозорда ўз харидорига эга. 2018 йил статистикасига кўра, Ўзбекистонда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг саккиз фоизини айнан кимё саноати ҳиссасига тўғри келган.

Юртимизнинг йирик кимё корхоналарида – Навоийазот заводи, Фарғонаазот заводида, Чирчиқ ва Олмалиқдаги заводлар, Қўнғирот сода, Деҳқонободдаги калий заводи сингари корхоналарда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича катта кўламли ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, Навоийазот заводида янги поливинилхлорид цехи, каустик сода, азот кислотаси цехлари қурилиши поёнига етай деб турибди. Мазкур корхонада шунингдек йилига 660 минг тонна аммиак ва 557,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқариш  комплекси ҳам яқин орада фойдаланишга топширилади.

Фарғонаазот заводида ҳам мавжуд қувватларни модернизация қилиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган йирик лойиҳалар режа қилинган, хусусан, аммиак ишлаб чиқариш ҳажмини кунига 2 100 тоннага етказиш, шунингдек, 14 800 метр корд матоси, 26 минг метр полиэфир-штапел тола ишлаб чиқаришга мўлжалланган полиамид цехи ишга туширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳрида эса, мутлақо янги аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш заводи қурилиши бўйича ишга киришилган. Бу орқали эса Ўзбекистоннинг кимё саноати потенциали янада ортиши шубҳасиз.

Шунингдек, кимё корхоналаримиз томонидан, эпидемиологик вазият мураккаб бўлган ҳозирги шароит учун муҳим ҳисобланган дезинфекция воситаларини ҳам узлуксиз етказиб бериб турилганини алоҳида айтиб ўтиш жоиз.

Ушбу муҳим сана муносабати билан «Дарё» жамоаси номидан юртимиздаги барча кимёгар олимларни, муҳандис-технологларни, кимё йўналишида таҳсил олаётган талабаларни, кимё саноати корхоналарида меҳнат қилаётган барча-барча ишчи-ходимларни, мутахассис ва раҳбарларни чин дилдан табриклаймиз. Ишларингизга муваффақият, бехатарлик ва ривож тилаймиз!