Энди вилоят, шаҳар ва туманларимиз светофорга ўхшаб қизил, сариқ, яшил рангда товланади. Аммо яшил бўлса-да, шахсий машинангизда вилоятдан вилоятга ўтолмайсиз (Тошкент мустасно). Тўйга эса 30 кишидан ортиқ меҳмон чақирсангиз, жаримага тайёрланинг. Демак, май ойининг охирги ҳафтаси дайжестига ҳам етиб келдик. «Дарё» сайтида ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз.
Мавзуга доир:
- Ҳафталик дайжест: 1,5 триллионлик зарар ва 40 миллионлик ёрдам, куёвнинг картаси, «-ов» ва «-ев»ни ўчириш акцияси
- Ҳафталик дайжест: «Ғалабами ёки хотира?», «Қизилмисиз-сариқмисиз-яшилмисиз?», Сардобадан қуруқ чиқишни истаганлар
- Ҳафталик дайжест: Сардоба айбдорлари, битирувчиларга совға, МТРКдаги Сусамбил
Гап шундаки, 15 майдан бошлаб ҳудудларда карантиннинг айрим талаблари юмшатилган, бироқ шундан кейин вирус юқиши кўпайгач, президент ҳали карантин тугамаганини урғулаган эди.
Вилоятлараро автобуслар ҳаракатига рухсат берилди. Автобуслар доимий равишда ҳар қатновга чиқишдан олдин тўлиқ дезинфекциядан ўтказилади ва унда ҳаракатланаётган йўловчиларнинг рейслар кесимидаги рўйхати юритилади. Аммо 1 сентябргача шахсий машинангизда ҳаракатлана олмайсиз (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно). Енгил машинада йўловчи оз бўлгани сабабли вирус юқиш хавфи ҳам камроқ, аммо рухсат берилмагани жуда қизиқ.
2020 йил 31 май соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус аниқланганлар сони 3 583 нафарни ташкил этмоқда. Вафот этганлар сони 15 нафарга етди.
* * *
Буюк соҳибқирон Амир Темур уй ишларида аёлига ёрдам берганми? Деновдаги Амир Темур ҳайкалини муҳокама қилган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг айтишича, ёрдам берган экан. Чунки соҳибқирон қўлида тутган уч ҳалқали ҳасса гилам қоқадиган махсус калтакка ўхшайди. Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги борлигидан ҳам бехабар бўлган мазкур ҳайкал бу ҳафта муҳокамалар марказига кўчди. Ҳайкалнинг бўйи паст ишлангани, Амир Темурнинг ҳолати рус авлиёсига ўхшаб қолгани зийрак изоҳчилар эътиборидан четда қолмади. Охири Денов шаҳри ҳокимлиги изоҳларга муносабат билдириб «Қўлида уч ҳалқадан иборат белги бириктирилган ҳасса тутган Амир Темур ҳайкали бобокалонимизнинг шон-шуҳрати, уч иқлимни бирлаштирган енгилмас машҳури замон бўлгани рамзидир», деб ёзди.
Шундан кейин Олий Мажлис Сенати ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ҳайкал масаласини Денов шаҳар ҳокими, архитектура ва қурилиш бошқармаси раҳбари билан ўрганди ҳамда юртдошларимизнинг асосли ва ўринли таклифларини инобатга олган ҳолда ушбу ҳайкални қайта кўриб чиқиш бўйича мутасадди раҳбарларга кўрсатмалар берилди.
* * *
Касал бўлмаслик учун нима қилмоқ керак? Спорт билан шуғулланиш керак. Яна спортни оммалаштириш учун оммавий соғломлаштириш тадбири ўтказиш керак. Карантин бўлса-чи? Йўқ, соғломлаштириш тадбиримизга ҳатто коронавирус ҳам тўсқинлик қилолмайди.
Ҳафта бошида Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида пиёда юриш акцияси ўтказилди. Расмдан асосан катта ёшлилар иштирок этгани маълум. Бу ҳақда Хушнудбек Худойбердиев каналида ёзди:Пандемия пайтида энг кўп асраб-авайлашимиз керак бўлган инсонлар кексаларимиз эмасми?! Ахир айнан кексаларнинг ҳаёти кўпроқ хавф остида деб роса жавраган эдик-ку! Қайси виждон билан шунақа синовли пайтда қарияларимизни кўчага ёнма-ён териб қўйиб, пиёда юрдиряпмиз? Буларни назорат қиладиган бирор инсон борми? Ёки ҳамма кўр, ҳамма кар, ҳамма гунгми? Кечирасизлару, Ўзбекистоннинг бошқа чеккаларида ҳатто яқин инсони вафот этса ҳам тириклар соғлиғидан хавотир олингани учун жанозаларда одам кўпайтиришга рухсат берилмаяпти. Узоғи 5–10 киши билан сўнгги манзилга кузатмоқда. Буёқда эса юзлаб одамлар ёнма-ён пиёда юрмоқда. Ҳаммаси хўжакўрсин, ҳаммаси кўзбўямачилик... На хохолаб кулишингни билмайсан, на ўкириб йиғлашингни...
Вилоят ҳокимлиги ушбу акция карантин тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази мутахассисларининг махсус назорати остида ташкил этилганини билдирганди. Кўп ўтмасдан ушбу оммавий тадбирга СЕС рухсат бермагани маълум қилинди.
* * *
Шу ҳафта фарғоналик ёш журналист ва блогер Усмонжон Қодиров карантин пайтида иссиқ ҳавода ишлаётган завод ишчилари ҳақида хабар ёзиши ортидан ғойиб бўлган. Фарғонада иш сафари билан бўлган бошқа журналист Мавжуда Мирзаева уни қидира бошлагач, Усмонжон 15 суткага қамалгани ҳақидаги суд ҳукмини қўлга киритган эди. Айтиш лозимки, унга расман тарқатган хабари учун эмас, гўёки ички ишлар ходими талабига бўйсунмагани учун жазо берилган. Суриштиришлардан Қодировга суд ҳукми ўқилишидан бироз аввал у Фарғона вилояти ҳокимлигига чақирилгани ва ҳокимликнинг матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов у билан суҳбатлашгани маълум бўлди. Муҳаммаджон Обидовнинг айтишича, журналист нотўғри маълумот тарқатганини тан олгач, ҳокимликда узр сўраган.
Шундан кейин қатор журналистлар Усмонжон Қодиров ҳимоясига чиқди. Усмонжон 15 сутка эмас, 2 суткадан сўнг уйига қайтди. Бироқ нималар содир бўлганини ҳеч кимга айтмади. Қўллаб-қувватлаганларга ижтимоий тармоқ орқали миннатдорчилик билдирди. Бу ҳам ҳафтанинг диққат марказидаги мавзуларидан бири бўлди.
«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг. Журналистлар йўқолиб қолмаслиги учун дуо қилинг.
Изоҳ (0)