Сирдарё вилоятида 30 май куни соат 05:20 ларда юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар бермоқда.

Фото: ЙҲХББ

Ҳодиса Ховос тумани «Ховособод» МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-34 автомобиль йўлининг 151-километрида содир бўлган. Душанбе—Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган ҳайдовчи 1988 йилда туғилган Х.Л. исмли эркак Nexia’ни бошқараётиб, чарчоқ сабаб ҳаракат вақтида ухлаб қолган. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши бўлагини ажратиб туриш учун ўрнатилган бетон тўсиққа урилиб, ЙТҲ содир этган.

Фото: ЙҲХББ

ЙТҲ оқибатида 32 ёшли ҳайдовчи Х.Л. оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.

Фото: ЙҲХББ

Мазкур ЙТҲ юзасидан Ховос тумани ИИБ ТБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилоятида ҳам икки кун ичида ҳайдовчиларнинг ухлаб қолиши билан боғлиқ иккита ЙТҲ содир бўлган ва 3 киши шифохонага тушиб қолганди.