Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш тизимида қийноқ билан боғлиқ ҳолатлар сўнгги вақтда кўпайиши кузатилаётганлиги қайд этилди. Бу ҳақда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова иштирокидаги брифингда маълум қилинган.

Фото: «Дарё»/Мадина Нурман

Хусусан, Ўзбекистонда 2017 йилда 7 та, 2018 йилда 10 та, 2019 йилда эса 16 та қийноққа солиш жинояти, яъни Жиноят кодексининг 235-моддасида назарда тутилган жиноят (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) қайд қилинган, натижаси бўйича айбдор шахслар жавобгарликка тортилгани айтилди.

Шунингдек, Ортиқова тизимни такомиллаштириш заруратини камчиликларга эга яна бир қанча далиллар орқали изоҳлади.

Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури томонидан ҳар йили эълон қилинадиган Инсон тараққиёти индексида (Human Development Intex) Ўзбекистоннинг ўрни сўнгги йигирма йилда ижобий томонга ўзгармагани таъкидланди. Инсон тараққиёти индексининг баҳоловчи кўрсаткичларидан бири - инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари, қийноқнинг олдини олиш бўйича халқаро шартномаларнинг ратификация қилиниши ва амал қилиниши ҳолатини акс эттиради.

Шунингдек, қийноққа доир мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда қийноқ ҳолатларига доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга оширишнинг бугунги ҳолати талабга тўлиқ жавоб бермаслиги билдирилди.

Сўнгги уч йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилинганлиги юзасидан 757 та (2019-208, 2018-352, 2017-197) ариза ва хабарлар келиб тушган бўлса, уларнинг 33 таси (2019-16, 2018-10, 2017-7), яъни 4,4 фоизи бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Бундан ташқари, жиноят ишини юритиш чоғида белгиланган муддатдан ортиқча вақт давомида ушлаб туриш, ушлаб туриш бошланган вақтни кечиктириб кўрсатиш, ғайриқонуний равишда ушлаб туриш каби ҳолатлар кузатилаётгани маълум қилинди. Шу сабабли жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш тизимини йўлга қўйиш жиддий заруратга айланган.

Қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ва уларга кўрсатилган ёрдам (ижтимоий, ҳуқуқий, психологик) масалалари бўйича аниқ статистик маълумотларни юритиш тизими йўлга қўйилмаган.

Шу ва бошқа шу каби аниқланган камчиликлар орқали қийноқнинг олдини олиш бўйича миллий тизим самарадорлигини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш заруратга айлангани билдирилди. Тизимни тубдан такомиллаштириш мақсадида Республика Президентининг «Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилгани айтилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ташкил этилиши мумкин бўлган Қийноқнинг олдини олиш қўмитаси штати ва вазифаларига оид маълумотлар берилган, қийноқнинг олдини олишга доир қарор лойиҳасидан қандай натижалар кутилаётгани маълум қилинган эди.