Турк кино ижодкорлари томонидан суратга олинаётган Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги фильм суратга олиш ишлари учун Туркияга кетган Акбархўжа Расулов Бурак Ўзчивит бош ролни ўйнаган «Қурилиш: Усмон» сериалида суратга тушмоқда.

Ўзбекистонлик актёр сериалнинг 23-қисмида нўён Субутай образида намоён бўлди.

Акбархўжа Расуловнинг Instagram’даги саҳифасида ёзишича, турк киноижодкорлари билан бошланган ушбу ҳамкорлик давомли бўлиб, у сериалнинг бошқа қисмларида ҳам суратга тушади.

2019 йилнинг ноябрида намойиши бошланган «Қурилиш: Усмон» «Эртуғрул» сериалининг мантиқий давоми бўлиб, унда Эртуғрулнинг жасур ва доно ўғли, буюк саркарда Усмон Ғозий ҳақида ҳикоя қилинади.

Сериал продюсери Меҳмет Бўздағ, режиссёрлари Фетҳи Байрам, Метин Гунай, Аҳмет Йилмаз. Сериалда Усмон Ғозий образини Бурак Ўзчивит гавдалантирган.