Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Самарқанд шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмнинг бўш турган 18 гектар ер майдонида 100 ўринли замонавий шифохона мажмуаси қурилиши бошланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бир қаватли муассаса 100 кишига мўлжалланган. Шунингдек, тиббиёт ходимлари учун турар жой ва реанимация бўлимлари ҳам ташкил этилади.

Қурилиш вазирлигидан ташриф буюрган мутахассиснинг таъкидлашича, ушбу объектда қурилиш жараёнида турли юқумли касалликка чалинган беморларни даволаш учун зарур бўлган барча жиҳатлар ҳисобга олинади. Қурилиш ишларига «Бунёдкор обод Пастдарғом» давлат унитар корхонаси ходимлари жалб қилинган. Уларнинг сўзларига кўра, тиббий муассасани 1 ой ичида қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов қурилиш жараёнлари билан танишиб, лойиҳани амалга ошириш юзасидан зарур топшириқ ва тавсияларни берди.

Шунингдек, мазкур ҳудудга туташ ҳарбий шаҳарчадаги 9 гектар майдонда 1000 ўринли карантин комплекси қурилмоқда. Бу ерда ҳам шифокорлар учун алоҳида комплекс ташкил этилади.

Айни пайтда бу ерга «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти томонидан контейнерлар келтирилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса даволаш муассасасини замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш устида ишламоқда.

Мазкур тиббий муассасалар келгусида Мудофаа вазирлиги тасарруфига ўтказилиши белгиланган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 28 май соат 10:00 ҳолатига кўра коронавирусга чалинганлар сони 3396 нафарга етди. Шу кунгача беморларнинг 2668 нафари соғайиб, реабилитацияга кузатилган, 14 киши эса инфекция асоратлари оқибатида вафот этган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар