Хитойнинг Ухань шаҳридаги вирусология институти олимлари янги вируслар тарқалишининг олдини олиш мақсадида вирусларни ўрганиш ишларини давом эттиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Reuters

Ухань шаҳридаги вирусология институтининг етакчи вирусологларидан бири Ши Чжэнлининг маълум қилишича, вирусларнинг инсониятга маълум бўлган турлари айсбергнинг учи ҳисобланади, янги касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун уларни ўрганишда давом этиш керак.

Ўтган йилнинг декабрида Уханда коронавирус тарқалиши бошланганидан буён ОАВда ва интернетда янги турдаги коронавирус Ухандаги вирусология институти лабораториясидан «сизиб чиққани» ҳақидаги турли талқинлар тарқалди. Институтнинг ўзи эса 2020 йил январь ойида очиқ хат эълон қилган ва бу талқинларни ёлғон миш-мишлар деб атаган, институт ходимларининг виждони «бутунлай тоза» эканлигини қайд этган.

«Агар биз инсониятни янги юқумли касалликлар тарқалишидан сақламоқчи бўлсак, биз ташувчилари ёввойи ҳайвонлар бўлган номаълум вирусларни тадқиқ қилиш билан шуғулланишимиз керак. Бундан ташқари, биз келажакда эпидемияларнинг олдини олиш ва назорат қилиш учун баъзи дорилар ва аниқловчи реагентлар захирасига эга бўлишимиз керак», — дея таъкидлаган Ши Чжэнли CGTN телеканалига берган интервьюсида.

Экспертнинг қўшимча қилишича, у номаълум патологияларни ўрганиш бўйича ўз ишини давом эттиради, чунки табиатда кўршапалаклар ва бошқа ҳайвонларнинг кўплаб турлари мавжуд, улар кўплаб вирусларнинг ташувчиси бўлиши мумкин.

«Биз аниқлаган вируслар айсбергнинг чўққиси ҳисобланади. Улар билан ҳисоблашасизми ёки йўқми, бу вируслар табиатда мавжуд. Агар биз уларни ўрганмасак, яна бир вирус тўлқини тарқалиши мумкин ва биз уларни била олмаймиз. Ҳозир биз қилаётган иш вирусларни улар бизни топишидан олдин аниқлашдир», — дея таъкидлаган вирусолог.

Чжэнлининг маълум қилишича, намуналар йиғиш учун лаборатория ишлари ва ёввойи табиат шароитида вирус тарқалишининг олдини вақтли олиш бўйича моделлар ишлаб чиқиш билан бирга турли соҳалардаги олимлар ҳам талаб қилинади. Унинг қўшимча қилишича, олимлар ўзаро ҳамкорлик қилиши, ҳукуматлар эса ҳамкорликдаги ишда уларга ёрдам бериши керак.

Аввалроқ Ши Чженли ўзларидаги бор қурилмалар ва ишчи кучини ҳисобга олиб, уларда ҳеч қандай сунъий вирусни яратиш имконияти бўлмаганини маълум қилганди.