Ўзбекистонда 23 май соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 11 кишига кўпайиб, 3089 нафарга етди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Янги касалланиш ҳолатларининг биттаси Дубай—Тошкент йўналишидаги чартер рейсда келган, яна бири Қозоғистон орқали келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида қайд этилган.

Қолган тўққиз ҳолатда, жумладан, икки ҳолатда Тошкент шаҳрида, етти ҳолатда Самарқанд вилоятида аҳоли орасида коронавирус аниқланган.

«Ҳозирда ушбу беморлар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар белгиланган тартибда қатъий карантинга олинган», — дейилади ССВ ахборотида.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентдаги «Ўрикзор» бозоридаги дўконлардан бирининг сотувчисида коронавирус аниқлангани, шу боис бозор вақтинча ёпилганини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг 2525 нафари соғайган, 551 нафар бемор даволанишни давом эттирмоқда, 13 нафар бемор эса коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган.