Россияда сўнгги суткада 9434 киши коронавирусга чалингани қайд этилди. Бу бир кун аввалги кўрсаткичдан 540 кишига кўпдир.

Фото: Inforesist

Коронавирусга қарши кураш бўйича тезкор штаб маълумотларига кўра, мамлакатда пандемия бошланганидан буён 335 882 киши коронавирусга чалинди.

Сўнгги суткада касалланганларнинг энг кўпи Москва (3190 нафар), Москва вилояти (846 нафар), Санкт-Петербург (363) шаҳарларида аниқланган.

Шунингдек, сутка давомида 139 нафар бемор, умумий ҳисобда эса 3388 нафар бемор вирус қурбони бўлган. Касалланганларнинг 8111 нафари тузалиб, уларнинг умумий сони 107 936 нафарга етган.

Мамлакатда 3 кундан буён касалланганлар сони 9 минг кишидан ошмаётганди. 22 май куни коронавирусга чалиниш бўйича 8894 та ҳолат қайд этилган бўлса, 21 май куни 8849 та, 20 майда эса 8764 та ҳолат аниқланган.

Россия 12 майдан буён коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда бўлиб келаётганди. Энди эса Бразилия касалланганлар сони бўйича уни ортда қолдирди.