Футбол бўйича Мексика чемпионати (Лига МХ) коронавирус сабаб муддатидан аввал якунланди. Бу ҳақида лига расмий сайтида маълум қилинди.

Фото: Yandex Photos

Лига МХ 2019/20 йилги мавсуми ғолиби аниқланмайдиган бўлди. КОНКАКАФ—2021 Чемпионлар Лигасида эса мусобақа жадвалида дастлабки икки ўринни эгаллаб турган «Крус Асул» ва «Леон» клублари иштирок этади.

Лига раҳбарияти мамлакатда футбол ўйинларининг янги мавсуми қачон бошланишини июнь ойининг дастлабки ҳафтасида маълум қилади. Лига ва соғлиқни сақлаш департаментининг биргаликдаги қарорига кўра янги мавсум ўйинлари томошабинларни қайтариш борасидаги шартлар бажарилмагунга қадар ёпиқ эшиклар остида ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Мексика чемпионати коронавирус пандемияси сабаб 15 март куни 10-турга келиб тўхтаб қолганди. Лигада жами 18 та жамоа иштирок этади.

Маълумот учун, ҳозирга қадар Европанинг уч давлатида миллий чемпионат баҳслари муддатидан аввал якунланди: Нидерландия, Франция ва Бельгия.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!