Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг коронавирусни юқтириб олгани гумон қилинмоқда. У 20 май куни Москвадаги касалхонага олиб борилган. Бу ҳақда Baza хабар берди.

Фото: «Коммерсантъ»

Маълум қилинишича, Қодиров касалликнинг дастлабки аломатларидан бир неча кун олдин шикоят қилишни бошлаган, бироқ дастлаб бу аломатлар ўткир респиратор вирусли инфекция аломатлари сифатида қайд этилган. Кейинроқ унинг аҳволи тезлик билан ёмонлаша бошлаган ва шифокорлар унга Москвадаги касалхонага мурожаат қилишни тавсия этган.

Тиббий маълумотларга кўра, Қодировга ўпка зарарланиши ташхиси қўйилган, COVID-19 ташхиси эса ҳозирча гумон сифатида қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, Россия ҳукуматининг тўрт нафари аъзоси ва президент матбуот котиби Дмитрий Песков коронавирусга чалинган. Ўзининг коронавирусга чалингани ҳақида биринчи бўлиб 30 апрель куни Россия бош вазири Михаил Мишустин маълум қилганди.  1 май куни эса Россия қурилиш вазири Владимир Якушев ва унинг ўринбосари Дмитрий Волковнинг коронавирусга чалингани маълум бўлганди. 6 май куни эса Россия маданият вазири Ольга Любимованинг коронавирусга чалингани маълум қилинди.