Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида 19 май куни Nexia ва Lacetti тўқнашуви оқибатида яна бир киши вафот этди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар бермоқда.

Фото: ЙҲХББ

4Р-76 йўлида юз берган ЙТҲ 31 ёшли Nexia ҳайдовчиси М.Ж. амалдаги йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, қарама-қарши йўналишга чиққани оқибатида юзага келган. Nexia 39 ёшли Н.Т.нинг бошқарувида бўлган Lacetti билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.

ЙҲХББ 20 май куни берган ахборотида Nexia йўловчиси бўлган 19 ёшли З.Н. исмли қиз воқеа жойида вафот этганини маълум қилганди. Тергов департаментининг маълум қилишича, ҳайдовчи М.Ж. шифохонада вафот этган.

Бундан ташқари, ҳар икки автомашинадаги 6 нафар йўловчидан 5 нафари оғир тан жароҳати, бир нафари эса енгил тан жароҳати олган, уларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қоракўл туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.