Ҳар йили 12 май — Халқаро ҳамширалар куни сифатида бутун дунёда нишонланиб, ҳамшираларга алоҳида эҳтиром кўрсатилади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатда операцияларни муваффақиятли ўтказиш жараёнидан тортиб, операциядан кейинги бемор парвариши, лаборатория-диагностика соҳаси, она-бола парвариши, шошилинч ва тез тиббий хизмат, санитария-эпидемиология, фармасевтика каби қатор соҳаларида 300 минг нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари, ҳамширалар фаолият юритиб келмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, патронаж ҳамширалари уйма-уй юриб, оиладаги тиббий маданият даражасини оширишда ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, мамлакатда ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш тизими йўлга қўйилгани аҳолига ҳамширалик ёрдамини сифатли кўрсатиш, бу йўналишда жаҳон тиббиётининг энг илғор услубларини амалиётга жорий этишда муҳим омил бўлмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Ҳозирда республикада 5000 нафардан ортиқ олий маълумотли ҳамшира тиббиётнинг турли бўғинларида фаолият юритмоқда. Уларнинг орасидан олималар ҳам етишиб чиққан. Бундан ташқари, ҳамширалик ёрдамини кўрсатишда юқори натижаларга эришаётган ҳамшираларни моддий рағбатлантириш тизими жорий этилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Вазирликнинг маълум қилишича, айни кунларда мамлакатда коронавирус инфекциясига қарши курашда 50 минг нафардан зиёд ҳамшира иштирок этмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 15 миллион сўм миқдорида (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган. Шунингдек, беморлар билан ишлаш давомида коронавирус инфекциясини юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўмдан тўланади.

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига эса 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар тўланади.

Ўзбекистонда 12 май соат 16:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 10 кишига кўпайиб, 2519 нафарга етди. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси илк бор қайд этилган 15 мартдан буён 2010 киши касалликдан соғайди, 10 киши эса инфекция асоратлари оқибатида вафот этган.