Ўзбекистонда карантин қоидалари юмшатилади, хусусан, махсус стикери йўқ автомобиллар ҳаракатига нисбатан ўрнатилган чеклов бекор қилинади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 май, сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати.
Таъкидланишича, ўтган икки ҳафта мобайнида Ўзбекистон бўйлаб 59 мингта ишлаб чиқариш корхоналари қайтадан ишга туширилган. Тошкент шаҳрида 16 мингдан зиёд, Қорақалпоғистонда 857 та корхона ўз фаолиятини тиклаган.
Эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, уй таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолияти бўйича кучайтирилган санитария талабларини белгилаган ҳолда иш бошлаши учун рухсат берилади.
«Стикерлар бекор қилинади ва шахсий автомобиллардан фойдаланишга рухсат берилади. Вазият ёмонлашса, карантин чоралари қайта тикланади», — дейилади «Юксалиш» ахборотида, бироқ рухсат қачондан берилиши маълум қилинмаган. Депутат Бобур Бекмуродовнинг қўшимча қилишича, рухсат айнан қачондан бошлаб амал қилиши борасида Республика махсус комиссияси қарорини кутиш лозим.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши бошланганидан сўнг Республика махсус комиссияси қарори билан шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланишига тақиқ қўйилган, улардан фақат махсус стикерлар бўлгандагина фойдаланишга рухсат берилган эди. Бир муддат аввал куннинг маълум вақтларида шахсий автомобилдан фойдаланишга рухсат берилган эди.