Қайта тикланувчи энергия манбалари Ўзбекистонда ҳали тўла фойдаланилмаётган улкан резервлардан бири. Бу масалага Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 4 май куни ўтказилган йиғилишда эътибор қаратилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Албатта, бу йўналиш бошида катта харажат талаб қилади. Лекин бу келажакда табиий газ ва нефть танқислигини ҳал қилиш, истеъмолчилар учун эса сарф-харажатларни камида 2 баробар тежаш имконини берса, ўзини оқлайди», — дея қайд этмоқда Президент матбуот хизмати.

Мисол учун, агар 150 мингта хонадонга қуёш панеллари ва сув иситиш тизимлари ўрнатилса, йилига 319 миллион куб метр табиий газни тежаса бўлади.

Йиғилишда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш, қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, жаҳон тажрибаси асосида истеъмолчиларга қўшимча шарт-шароит яратиш муҳимлиги таъкидланган.

«Соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш, вилоятларда қуёш фотоэлектр ва шамол электр станциялари қуришга доир масалалар кўриб чиқилди», — дейилади расмий ахборотда.