Андижон вилоятида йўловчи ташувчи таксилар фаолиятига рухсат берилди, гўзаллик салонлари ҳамда меҳмонхоналар фаолияти тикланди, дея хабар берди «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов.
Маълум бўлишича, 4 май куни вилоят ҳокими раислигида селектор йиғилиши ўтказилган. Унда белгиланган йўналишларда вилоят бўйича жами 3750 та субъект фаолиятини тиклаш зарур эканлиги таъкидланган.
Вилоят ҳокими топшириғига асосан 4 майдан бошлаб вилоятдаги 508 та транспорт уюшмасидан 82 тасига қарашли 4700 та енгил автомобилга, 3 минг 643 та аёллар ва эркаклар сартарошхонаси ҳамда гўзаллик салонига, 25 та меҳмонхонага санитар врачлар жалб қилинган ҳолда хоналарни дезинфекция қилиш ва меҳмонларни кунлик тиббий назоратдан ўтказиш орқали фаолиятини тиклашга рухсат берилган.
Мазкур субъектларнинг барчаси санитария талаблари асосида, оралиқ масофани сақлаган ҳолда санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда солиқ идоралари ходимлари назорати остида фаолиятини давом эттириши белгиланган.
Бироқ Ўзбекистон Республикаси бош давлат санитария врачининг шу йил 23 апрелдаги кўрсатмасига асосан, пандемия даврида касаллик тарқалишининг олдини олишни тўлиқ назорат қилиш имкони йўқ бўлган жами 1096 та — 459 та умумий овқатланиш корхонаси (етказиб бериш хизмати асосида ишлаш бундан мустасно), 115 та тўйхона, жамоат транспортлари (автобус, микроавтобус) мавжуд бўлган 426 та йирик транспорт уюшмаси, 24 та нодавлат-нотижорат ўқув маркази, 72 та буюм бозори ва савдо комплекслари фаолияти Республика комиссияси томонидан алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар вақтинча чеклаб турилиши таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилган эди. Кейинчалик бу тартиб 10 майга қадар узайтирилган эди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда карантин тартиби 10 майга қадар узайтирилди