Андижонда кўп қаватли уйлар олдида қаровсиз қолдирилган велосипедларни ўғирлаган шахслар қўлга олинди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, 2020 йилнинг 25 апрель куни тонги соат 03:00 дан 04:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс томонидан Андижон шаҳар, бешинчи кичик даҳада жойлашган кўп қаватли уй йўлагида қаровсиз қолдирилган, фуқаролар Р.С. ва У.Б.ларга қарашли учта велосипед ўғирлаб кетилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, шу куннинг ўзида номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғирлик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Андижон шаҳар ИИОФМБ ҳамда вилоят патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув, суриштирув ишлари натижасида велосипед ўғрилари аниқланиб, қўлга олинган.
Таъкидланишича, ўғрилик қилган шахслар Андижон шаҳрида яшовчи фуқаролар С.Х., Ж.О. ҳамда Асака туманида яшовчи А.Ш. эканлиги маълум бўлган. Жиноятчилардан 3 дона велосипед далилий ашё тариқасида олиниб, эгаларига топширилган.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.