23 апрель куни Nature журнали сайтининг палеонтологияга оид бўлимида Стокгольм университети мутахассиси Томас Морс ҳамда Аргентинанинг Антарктида институти мутахассиси Марсело Регуэро муаллифлигидаги янги илмий мақола пайдо бўлди.
Мақоланинг қисқача мазмунига тўхталадиган бўлсак, унда айтилишича, палеонтолог олимлар Антарктида қитъаси таркибига кирувчи Сеймур оролидан бақага тегишли бўлган тош қотган тос суяги қолдиқларини топди. Таҳлилларга кўра, жонивор бундан 40 миллион йил муқаддам яшаб ўтгани аниқланди. Албатта, оддий бир бақа қолдиқларининг топилиши қандай аҳамиятга ҳам эга бўларди, деб ўйлаш мумкин. Лекин бу ўринда мақоланинг Nature сингари нуфузли нашрда эълон қилинишига омил бўлган бир муҳим сабаб борки, бу топилма ёндош фан соҳаларида ҳам янги назарияларнинг вужудга келишига сабаб бўлади.
Гап шундаки, Сеймур ороли Антарктида яриморолининг яқинида жойлашган бўлиб, агар харитада Жанубий Американинг Чили ёки Аргентинага қарашли энг жанубий нуқтасидан қуйироққа қараб минг км пастроққа «тушсангиз», ушбу оролни топишингиз мумкин. Биласизки, ҳозирда Антарктида флора ва фаунаси жуда камбағал ва у ерда ҳеч қанақа бақалар яшамайди. Боз устига, мазкур қитъада замонавий рептилия ва амфибия намуналари ҳеч қачон топилмаган эди.
Сеймур оролидан топилган бақа қолдиқлари эса Calyptocephalellidae оиласига мансуб бўлиб, узунлиги 4 см дан 32 см гача етадиган ушбу думсиз бақа тури Жанубий Американинг нам иқлимли ўрмонларидаги илиқ сувли дарёларда яшайди. Кўриб турибсизки, ҳозирги совуқ муз саҳросидан иборат Антарктидада бундай шароит умуман йўқ ва бу ерда мазкур турдаги бақа яшай олмайди.
Фанда мавжуд назарияга кўра, бундан 250-200 миллион йил муқаддам ер юзида ҳукм сурган Триас даврида Антарктида аллақачон суперконтинентдан ажралиб чиқиб, дрейф сузишни бошлаган ва ўша пайтда қитъада йирик рептилия ва амфибиялар яшаган деб қаралади. Кейинчалик қитъада иқлимнинг кескин ўзгариши ва муттасил қаҳратон совуқ юзага келиши билан бундай жониворлар қирилиб кетган. Албатта, бу шунчаки илмий тахминлар холос ва қизиғи, шу вақтгача тахминга далил бўла оладиган бирор жонивор қолдиғи Антарктидадан топилмаган.
Шунга кўра, ёши 40 миллион йилга тенг бўлган оддий бақанинг тош қолдиқлари ҳам бу борадаги илмий қарашларда янги баҳслар манбаи бўлиши турган гап. Хуллас, олимлар катта назариялар учун яққол далил топилганига ишонмоқда. Антарктида қачонлардир илиқ иқлимли қитъа бўлиб, шу каби совуққон жониворлар яшаши учун шароитга эга бўлганини энди исботлаш мумкин. Шунингдек, Антарктидада абадий музлик қалқони юзага келиши ҳам ҳозирги қарашларда ҳисоб-китоб қилинганидан анча аввал бошланганига оид фикрлар илгари сурилмоқда.
Изоҳ (0)