Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6-пикет деворида 1 май куни соат 5:55да сув чиқиб, Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув киргани, сув асосан экин майдонларига зарар етказгани ҳақида хабар берилган эди. Воқеа жойига Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов етиб борган.

Сирдарё вилоятидаги сув остида қолган ҳудудлар.

Фото: ФВВ

Аввалроқ Сардоба туманидаги сув омбори атрофида жойлашган «Қўрғонтепа», «Дўстлик», «Юртдош» маҳалла фуқаролар йиғинларидан жами 11 598 нафар аҳоли эвакуация қилингани ҳақида хабар берилган эди. Маълум қилишларича, сув босиш хавфи бўлган «Қўйтош», «Ота юрт», «Бирлик» маҳалла фуқаролар йиғинларидан ҳам аҳолини эвакуация қилиш режалаштирилмоқда.

Қайд этиш жоиз, Сардоба туманидаги авария ҳақидаги дастлабки расмий ахборотда Қўрғонтепа аҳоли пункти аҳолиси «Бирлик» маҳалласига эвакуация қилингани айтилган эди.

«Айни вақтда Оқолтин туманидаги ‘Абдуалим’ маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини Сардобага эвакуация қилиш ишлари бошланган», — дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборотида. Алоҳида қайд этишларича, жабрланган ва ҳалок бўлганлар бўйича маълумот келиб тушмаган.