Профессионал футбол лигаси директори биринчи ўринбосари Диёр Имомхўжаев коронавирус пандемияси сабаб тўхтаб қолган футбол мавсумининг давоми қандай бўлиши ҳақида маълумот бериб ўтди.
Мутасаддининг таъкидлашича, жорий мавсум Лига Кубоги мусобақаси ўтказилмаслиги мумкин. Суперлига ўйинларини тўлиқ ўтказиб олиш учун эса июль ойидаги танаффусдан фойдаланиш варианти мавжуд.
Лига Кубогидан воз кечилиши ҳақида
«Менимча, биринчи навбатла Лига кубоги мусобақаси хавф остида қолади. Биз унга асос солинган иккинчи йилдаёқ мусобақани халқаро мақомга айлантиришга муваффақ бўлгандик. Яъни, Қирғизистон ва Тожикистоннинг умумий 8 клуби ҳам мусобақаларда иштирок этиши керак эди.
Айни ҳолатда эса халқаро рейслар ва умуман мамлакатлараро кириб-чиқиш масаласида хавф бор. Шундан келиб чиқиб, турнирни бир йилга кечиктирсак, жуда кўп нарса йўқотмаймиз (ЎФА иложи борича мазкур турнирни ўтказиш тарафдори, аммо вазият бизнинг қўлимизда эмас)».
Суперлига тақвими борасида
«Суперлигада эндигина 3 та тур учрашувлари ўтказилганди. Мавсум якунига қадар яна 23 та турни ўтказиб олишга бемалол улгурамиз, менимча. Орада Ўзбекистон кубоги ўйинларини ҳам ўз вақтида ўтказиш имконияти ҳозирча мавжуд.
Бундан ташқари, ОФК ва ФИФА бир қатор халқаро ўйинларни ва саналарни бекор қилган. Бу ҳам ўз навбатида бизнинг фойдамизга йўл очади.
Шунингдек, бизда июль ойида катта танаффус бор. Жуда бўлмаган ҳолатда ўша вақтга ҳам ўйинлар қўйишга мажбур бўлишимиз мумкин».
Футбол мавсуми қачон бошланиши ҳақида
«Ҳукумат мана шу санадан сизларга рухсат деса, биз ўша куннинг ўзидаёқ янги тақвим учун ўтирамиз. Кайфиятимиз оптимистик, кўп муаммо кўраётганимиз йўқ. Эл бошига келган ишни биргаликда албатта енгиб ўтсак керак», — дейди Имомхўжаев.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)