Шавкат Мирзиёев 20 апрель, душанба куни, саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда аксарият вилоят ва туманларда корхоналар ўз ишини тўхтатгани ёки тўлиқ қувват билан ишламаётгани, бу ҳолат ҳудудлар иқтисодиёти ва ижтимоий соҳага, оддий қилиб айтганда, аҳоли ҳаётига салбий таъсир қилаётгани таъкидланди.

Президент йиғилиш аввалида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклиги қайд этилди.

Президент Ўзбекистон халқининг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.

«Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало, маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ», — деган давлат раҳбари.

Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлади, ифторликларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига йўналтирилади.

«Имкониятидан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда мисол учун 10 та, бошқа бири эса 20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Давлат томонидан бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференсиялар берилади. Яъни бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, йиғилишда ушбу жараёнда йирик корхоналар, уларнинг жойлардаги таркибий бўлинмалари, фермерлар ва кластер хўжаликлари ҳам ихтиёрий қатнашиши муҳим эканлиги таъкидланган. Ушбу ташаббус Савдо-саноат палатасининг жойлардаги бўлимлари, банклар, ижтимоий муҳофаза идоралари ҳамкорлигида амалга оширилиши белгиланган.

«Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланишига ишонаман», — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Аввал Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши президенти коронавирусга қарши кураш масаласини муҳокама қилгани, 17 апрель куни Президент раҳбарлигида коронавирус пандемиясига қарши курашишда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кучайтиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида донор ташкилотлар билан қўшимча грант келишувлари имзолаш муҳимлиги қайд этилгани ҳақида хабарлар берилган.