Шавкат Мирзиёев «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарорга мувофиқ, муборак Рамазон ойининг карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, уй шароитида, оила даврасида ўтказилиши учун зарур шароитлар яратилади.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси уламолари томонидан Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда 2020 йилда Рамазон ойининг биринчи куни шу йил 24 апрель, жума кунига тўғри келиши ҳақида хулоса қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотини ўқиб эшиттирганди. Унда таровеҳ намозларини уйда ўқиш тавсия қилинган.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков «Ифторликни, албатта, дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтиш, деб тушунмаслик керак», деб айтганди.
Изоҳ (0)