Сурхондарё вилоятида 23 нафар фуқаронинг коронавирус инфекцияси билан касаллангани аниқланган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: «Дарё»

Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобохон Шукуровнинг маълум қилишича, вилоятда қайд этилган 23 нафар беморнинг 20 нафари 28 март куни Москва шаҳридан чартер рейс билан Термизга олиб келинган фуқаролар ҳисобланади. Мазкур рейс йўловчилари Ангор туманида карантинга олинган эди. Аниқланган 23 нафар беморнинг 3 нафари эса мамлакатлараро қатнайдиган юк машиналари ҳайдовчилари ҳисобланади.

Касаллик аниқланганлар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилояти, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Андижон, Қашқадарё, Фарғона, Наманган вилоятларида яшовчи фуқаролар саналади. Шунингдек, беморлар орасида беш нафар сурхондарёлик ҳам бор.

Айни пайтда барча беморлар Термиз шаҳридаги вилоят юқумли касалликлар шифохонасида тегишли муолажаларни олмоқда. Даволаш ишлари белгиланган стандартлар ва видеоконсилиумлар асосида малакали шифокорлар томонидан олиб борилмоқда. Уч нафар беморнинг аҳволи ўртача оғирликда. Қолганларининг аҳволи нисбатан қониқарли.

Ўзбекистонда карантин жорий этилганидан буён Сурхондарё вилоятида 15 768 нафар фуқаро стационар ва уй шароитида кузатувга олинган. Ҳозиргача уларнинг 9839 нафарида касаллик аломатлари аниқланмагани сабабли карантиндан чиқарилди. Шу кунларда 5119 нафар фуқаро ўз уйида, 810 нафар фуқаро стационар тартибда карантин муддатини ўтамоқда.

Ўзбекистонда 16 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 1349 нафарга етди. Мамлакатда ўтган бир ой давомида коронавирусга чалинган беморларнинг тўрт нафари вафот этди, коронавирусдан тузлаганлар сони 129 кишини ташкил этмоқда. Бундан ташқари, хорижда камида 23 ўзбекистонликда коронавирус аниқланган, уларнинг уч нафари вафот этган.