Postnauka.ru портали болалар инфекцион касалликлари йўналишида илмий изланишлар юритаётган олим, тиббиёт фанлари номзоди, инфекционист шифокор Иван Коновалов билан коронавирус ҳақида суҳбатлашди. «Дарё» суҳбатни таржима тариқасида айрим қисқартиришлар билан тақдим этади.

Иван Коновалов

Фото: Getty Images

Бугун дунё бўйлаб SARS-CoV-2 пандемияси тарқалишда давом этмоқда. Кўплаб мамлакатларда ҳукумат одамларнинг ҳаракатини чекловчи қатъий чораларни кўрди, шифокорлар беморларнинг ҳаёти учун курашмоқда, олимлар эса унга қарши вакцинани ишлаб чиқиш устида изланмоқда. Вируснинг ҳаракат стратегияси қандай экани, пандемияни қандай қилиб жиловлаш мумкинлиги ҳамда умумий изоляция қай даражада наф келтириши ҳақида инфекционист шифокор Иван Коновалов суҳбати орқали билиб оламиз.

Вирус қандай қилиб яшаб қолади?

– Вирус тирик мавжудотми ёки йўқми?

– Бу борада иккита назария мавжуд. Улардан бирида вирус тирик нарса эмас дейилади, иккинчисида эса вирус ҳам тирик деб қаралади. Аслини олганда, вирус кўп жиҳатдан биологик нуқтаи назардан қандайдир амалий иш бажаришга ўтиши керак бўлган оқсил учун йўриқномалар кўрсатилган ахборот фрагменти дейиш мумкин.

– Келинг, дунёга вирус назари билан қарашга уриниб кўрамиз. У ўзини қандай тутади?

– Агар биз вирусни одам тимсолида гавдалантирмоқчи бўлсак, аслида кичик ахборот бўлаги бўлган ушбу нарсани бошқа ҳар қандай биологик объект сингари иккита асосий стратегик мақсади бўлишини тасаввур қилишимиз мумкин: у кўпайиши ва яшаб қолиши керак.

Унинг биринчи муддаосини ОИВ ва сил сингари секин кечувчи инфекцион касалликларда кузатишимиз мумкин. Унда одам танаси вируснинг яшашига ёрдам бериб юради ва одамнинг иммунитети уни шунчаки занжирбанд қилиб қўйган бўлади. Сувчечак билан оғриб тузалган деярли ҳамманинг танасида вирус 50–70 йилгача бирга яшайверади ва бу одамда гормонал фон ва иммунитет сустлашмагунча ўзини намоён қилмай юраверади.

Одам қаттиқ қўрқиб кетган бўлса, лабига учуқ тошиб чиқишини кузатганмиз. Бу унинг яна бир бора учуқ чиқарадиган инфекцияга (герпес) чалинганини билдирмайди, балки у биринчи марта ушбу инфекцияни юқтирганида ва тузалиб кетганида барибир унинг танасида вирус яшаб қолганини ва энди иммун тизими ҳолсизланганда у яна ўзини намоён этганини кўрсатади. Ва ўша пайтдаги одам саломатлигининг аҳволидан келиб чиқиб вирус ўзини турлича тутиши мумкин. Лекин энди унинг асосий мақсади ўзини ташиб юрган одамни касаллаш ва йиқитиш эмас, балки у орқали бошқаларга юқиб, кўпайиш бўлади.

Фото: Getty Images

Вирус хатти-ҳаракатининг яна бошқа бир стратегияси одамдан одамга тезкор юқиб ўтиш. Бундай вируслар РНК – тутадиган вируслар бўлади ва уларнинг кўпайиш (репликация) вақти жуда қисқа бўлади. Шу сабабли, масалан, грипп вируси сингари вируслар қисқа вақтда жуда кўп одамга юқиш орқали тарқалади. Бунда битта касал одам жуда кўп кишиларга вирус юқтиради. Ташувчининг ўзида эса касаллик симптомлари сезиларсиз ёки умуман билинмаган ҳолда ўтиши мумкин.

Ҳар йили гриппнинг турли вирусларини миллиардлаб одам юқтириб олади ва дунё бўйича тахминан 250 мингдан 620 минггача бўлган одам гриппдан вафот этади. Бундай юқори ўлим кўрсаткичи нафақат вирусли инфекциянинг ўзи билан, балки у келтириб чиқарган асоратлари билан ҳам боғлиқдир. Бизга аввалдан маълум бўлган коронавируслар ҳам тахминан шундай ҳаракат қилади. Шамоллаш билан боғлиқ касалликларнинг 15–20 фоизга яқинини коронавируслар келтириб чиқаради.

Бундай кўпайиш стратегияси жуда кўп сонли бўлиниб кўпайишлар орқали тарқалишни кўзда тутади ва бундай бўлинишларнинг ҳар бирида вирус тобора мутацияга учраб боради. Аслида, барча биологик объектларда мутация муттасил содир бўлади. Бизлар ҳам доим оз-моздан мутацияга йўлиқиб борамиз, лекин бизнинг иммун тизимимиз уни тозалаб туради. Қисқа репликация циклига эга вируслар учун шу нарса характерлики, улар қисқа муддат ичида жуда кўп сонда бўлиниб, ирсий материал ҳажмини катталаштириб боради.

Ушбу бўлиниш циклларининг ҳар бир этапида вируснинг ирсий материали оз-оздан ўзгариб боради ва улар ичидан энг бардошли ва чидамлиси (энг муваффақиятлиси) ўз популяциясини барқарор ушлаб қолади. Ва бундай вирус ўзининг стандарт хўжайинини тарк этиб, ўзига характерли бўлмаган янги хўжайинга ўтса, масалан, кўршапалакдан одамга ўтгани сингари, у энди коронавируснинг пандемик штаммига айланиши мумкин.

– Демак, вируслар ҳам одамлар эгаллаб олган бу сайёрада худди чигиртка сингари яшаш учун курашаркан-да?

– Вируслар ҳақида қайғурмай қўя қолинг. Сайёрада улар ҳаммадан кўп. Биома ҳақида сўз борганда ҳужайралар тўплами, миқдори ҳақида, албатта, сўз очилади. Масалан, одам ўз ичакларида ташиб юрадиган патоген микрофлора ҳужайралари сони, шу одамнинг ўз танаси ҳужайралари сонидан кўп бўлади. Лекин вириома ҳақида ҳам кўпроқ сўз юритиш керак. Чунки кўплаб тирик организмларнинг ҳужайралари вирус билан зарарланган. Улар ичида энг кўп учрайдигани бу – бактериофаглардир.

Фото: Getty Images

Бу бактерияни зарарлайдиган вирус бўлади. Ирсий материал нуқтаи назаридан қаралса, шундай вириомалар бошқа барча биоматериалдан кўра кўпроқдир. Хусусан, биз уларнинг сон миқдори олдида қум заррасидай кичикмиз. Вирусни алдаб бўлмайди. Унга сизнинг пулингиз қанчалиги, ижтимоий мавқейингиз, қаерлик эканингиз, менталитетингиз, динингиз қандай эканининг аҳамияти йўқ. Сиз ёки уни юқтирасиз ёки юқтирмайсиз. Шу холос.

SARS-CoV-2

– Коронавируслар қандай қилиб ҳайвондан одамга ўтиб қолади?

– Одамга ўтадиган коронавируслар учун резервуар бу – кўршапалаклар бўлади. Бундай коронавируслар кўршапалак учун зарарсиз. Одамнинг ўзида бўладиган коронавирусларнинг ўзи эса одамлар учун деярли зарарсиз. Лекин бундай вируслар бирор оралиқ хўжайин танасида ўзаро учрашиб қолса, натижада ўта хатарли вирус юзага келади ва у одамлар орасида фаол тарқала бошлайди.

2002 йилда коронавирус кўршапалакдан мангустга ўхшаган ҳайвонларга ўтган ва уларнинг танаси оралиқ хўжайин вазифасини бажарган. Кун келиб шундай ҳайвондан биридан вирус одамга ўтган ва кейин у одамлар орасида шиддат билан тарқала бошлаган. Ўша вирус Хитойнинг ўзида бартараф қилиб қолинган эди. Унга SARS-CoV деб ном берилган. Чунки у ўткир оғир респиратор синдром келтириб чиқарган.

2012 йилда эса Яқин Шарқда янги мутант юзага келди ва уни MERS-CoV деб номлашди. У Саудия Арабистонида бир ўркачли туядан одамга юққан. Унда инфекциясини маҳаллий миқёсда бартараф этишнинг имкони бўлмаган. Унинг вирулентлиги 2002 йилги вирусдан анча юқори эди. Юқтирганларнинг 35–37 фоизи вафот этган. Уни бутунлай изоляцияланмагани ва бартараф этилмагани боис у ҳануз туялар танасида яшаяпти. Шу сабабли кимки Яқин Шарққа бориб туя билан қучоқлашиб суратга тушмоқчи бўлса, у ўзига вирус юқтириб олиши ва ҳатто ўлимга юз тутиши мумкин.

– Вирулентлик деган термин нимани англатади?

– Вирулентлик бу юқтирганлар сонини билдирмайди. У вориснинг юқувчанлиги ва ундан юзага келадиган оқибатларнинг оғирлик даражасини билдиради. Савол вируснинг юқувчанлигида эмас, қайси аҳоли қатлами қандай вирус турлари қаршисида заиф қолиши билан боғлиқ. Пандемик гриппда ўлим кўрсаткичи 17 фоизгача боради, янги турдаги коронавирусда эса у 2,5–3,5 фоиз атрофида бўляпти.

Фото: Getty Images

Лекин бу рақамлар жуда ҳам шартли равишда олинган сонлардир. Чунки, масалан, болалар касалликнинг оғир шаклига фавқулодда камдан кам чалинмоқда. SARS-CoV-2 юқтирганларнинг 80 фоиз қисмида оддий ЎРВИ келтириб чиқаради. Шунга қарамай, ёши 60 дан ўтган шахсларнинг 15 фоизга яқин қисмида касаллик жуда жиддий оқибатларга олиб келмоқда.

– Коронавируснинг ўзида айтарли қўрқинчли нарса йўқ. Лекин SARS-CoV-2 вируси жуда жадал тарқалмоқда ва инфекциянинг инкубацион муддати анчайин катта. У ҳали намоён бўлмай турган пайтда у аллақачон юқумли бўлган бўлади.

– Ҳа, бу катта муаммо. Агар одам касалланганини 2–3 кун ичида билса, унда инфекция тарқалишини қандай бартараф этиш тушунарлироқ бўлар эди: касал одамнинг ўзи унча ҳаракатланмай қўярди. Шартли равишда олинган 2–14 кун муддатда эса юқтирган одамнинг ўзи яна кўплаб бошқаларга инфекцияни тарқатиб юриши мумкин.

– Коронавирус қандай юқади?

– Юқиши учун касал билан мулоқотда бўлиш ёки у билан умумий нарсалардан фойдаланиш, умумий жойда бирга туриш орқали вирус қўл терисига келиб тушиши керак. Одам рефлектор равишда ўз юз-кўзларини соатига ўн мартагача қўл билан тегинади (ишқалайди, қашийди ва ҳоказо). Бунда эса вирус осонлик билан бурунга, кўзга ва оғизга ўтиб олади. «Юзингизга қўл теккизманг!» десак ҳам ҳамма беихтиёр қўл билан юз-кўзига тегина бошлайди. Шу сабабли ҳам қўлни имкон қадар тез-тез совунлаб ювиш керак.

– Коронавирус ҳар хил юзаларда қанча муддатгача яшаши мумкин?

– Вирус тана ҳарорати 36-37 даража бўлган организмда жуда яхши кўпаяди ва шу сабабли уни иссиқда ўлади деб ўйлаш керак эмас, бунинг эҳтимоли кам. Лекин ултрабинафша нурланиши ҳақиқатан ҳам вирусни қуролсизлантиради. Респиратор касалликларнинг кун исиши билан камайишининг сабаби одамларнинг ёпиқ жойларда, ичкарида тўпланмай қўйиши билан боғлиқ.

Фото: Getty Images

Россияда ҳар 100 минг аҳолидан 20 минг нафари ЎРВИга чалинганда шифокорга мурожаат қилади. Одамлар шамоллаганда меҳмонга бормайди. Шунга қарамай, Россияда ЎРВИ бошқа бутун дунёдагидан кўра кўпроқ қайд қилинади. Европа ва АҚШда эса тумов ва йўтал тутган одам касал деб ҳисобланмайди. Уларда COVID-19 шу қадар жадал тарқалганининг сабабларидан бири ҳам шу аслида.

Вируслар ва иммунитет

– Айтишларича, ЎРВИнинг энг ёмон асорати бу – иммун системанинг ўзи томонидан ўпканинг барбод қилиниши бўлар экан ва ўлим шундан келиб чиқаркан. Ўткир респиратор касалликлардаги ўлим ҳолатлари, иммунитетнинг жавоб реакцияси ва организмнинг ўз-ўзини йўқ қилиши натижасидан юзага келади дейиш мумкинми?

– Бу эҳтимолий сценарийлардан бири. Бундай ҳолат асосан инфекция беморда ўта жадал, кескин тезлик билан авж олганда кузатилади. Ёт нарсага дуч келган иммун системаси унга турли томонлама жавоб қайтаради. Уларнинг бир қисми яллиғланишни юзага келтирса, яна бир қисми унга қарши тура бошлайди. Ва организмда ҳали ушбу икки жараён ўртасида мувозанат мавжуд бўлган пайтда тана учун яллиғланиш жараёни аҳамиятлироқ бўлади, чунки у орқали организмда вирусга қарши ҳаракат фаоллашади ва антивирус тизими ишга тушади.

Бу биринчи навбатда интерферон ишлаб чиқарила бошланишига олиб келади. Турли патогенларда бу турлича кечади. Агар патоген организм учун янги бўлса (масалан, чўчқа гриппи ёки янги коронавирус каби), иммунитет нима қилишни билмай қолади ва унда яллиғланишга қарши туришдан кўра яллиғланишни маъқуллаш жараёни устунлик қила бошлайди. Натижада назоратсиз яллиғланиш юзага келади. Бу нарса ўпкада томирларнинг сингдирувчанлигини оширади ва қонга кислород элтиб берувчи «қопчалар» бўлмиш алвеолалар суюқлик билан тўлиб қолади.

Моҳиятан бу пневмония эмас, балки шишиб кетиш бўлади ва ўпка функциясини жуда тез ишдан чиқаради. Натижада одамда дистресс-синдром юзага келади ва одам мазкур ўткир жараёндан вафот этиши мумкин. Бемор тирик қолган тақдирда ҳам, кейинги 7–10 кун ичида иммунитетнинг яллиғланишни юзага келтиришга масъул қисми ҳолдан тояди ва бактериал асоратлар юзага келиши эҳтимоли ортади.

– Биз, одатда, «иммунитет пасайиб кетди» ёки «иммунитети кучайибди» сингари гапларни гапирамиз. Лекин иммунитетни ўлчайдиган асбоб мавжуд эмас-ку?

– Қўзғатувчи билан учрашув қандай кечиши иммунитетнинг бошланғич ҳолатига боғлиқ. Иммунитетнинг умумий ҳолатига у ёки бу моддаларнинг етишмовчилиги, масалан, темир, оқсиллар, C витамини кабиларнинг етишмовчилиги таъсир қилади. Темир моддаси етишмаслиги бактериал инфекцияларда салбий оқибатларга олиб келади, шунингдек, витамин C ҳам жуда яхши иммуномодулятор ҳисобланади.

Фото: Getty Images

Одамнинг саломатлиги кўп жиҳатдан унинг ҳаёт тарзи билан боғлиқ. Етти соат ухламайдиган одамлар ўз-ўзини муайян озуқа моддалардан мосуво қилган бўлади (масалан, баъзи ёғ оқсилларидан). Тўғри овқатланиш режими, яхши уйқу, парҳез, жисмоний чиниқиш, ижобий кайфият ва қўлларни ювиб юриш – булар жуда оддий, жўн нарсалар, лекин қанчалик ғалати бўлмасин, одатда, айнан шу хислатлар энг ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

– Кўпчилик учун озодалик жуда муҳим омил саналади. Бу инфекциялардан яхши ҳимоялайдими?

– Биз инфекциялардан бутунлай халос бўла олмаймиз. Лекин биз муайян омиллар орқали инфекцияни назоратда ушлаб тура олишимиз мумкин. Чўчқа гриппи эпидемияси авж олганда уни олдини олиш бўйича энг самарали кураш усули бу – қўлларни совунлаб ювиш бўлган эди. Худди ҳозирги коронавирус инфекциясидаги сингари.

Сўнгги вақтларда антисептиклардан оммавий фойдаланишга ўтилиши туфайли эса айрим мамлакатларда аллергик касалликларнинг улуши кўпаймоқда.

Карантин ва эмлаш

– Пандемияни карантин қоидалари орқали даф қилиш мумкинми?

– Касалланганларни ва улар билан мулоқотда бўлганларни изоляцияга олиш чораларни назарда тутувчи карантин тадбирлари – инфекциянинг тарқалишини олдини олиш учун қўллаш мумкин бўлган энг самарали усулдир. Соғлом одамларни беморлардан нари тутиш пандемияни тўхтатишнинг ягона усулидир. Муаммо пандемиянинг ўзида ҳам эмас. У ўтиб кетади ва вирус бир неча этапдан кейин барибир сўнади, лекин у барибир биз билан қолади.

Чунки аллақачон жуда кўп одам уни юқтириб бўлди. Бу одамга ҳайвонлардан ўтадиган шу сингари кўплаб вирусларга хос нарса. Ҳозирги энг муҳим вазифа эса кексаларни ва сурункали касаллиги бор одамларни изоляцияга олиш ва шу орқали бир вақтнинг ўзида оғир шаклда касалланадиган беморларнинг ялпи сонини имкон қадар камроқ сонда назоратда тутиб туришдир.

– Ҳозир одамлар SARS-CoV-2 вирусига қарши вакцина яратилишини кутмоқда. Эмлаш орқали вирусларни тўхтаца бўладими? Хусусан, сувчечакдан фарқли равишда тезкор тарқаладиган, узоқ яшамайдиган, лекин портлаш эффекти билан ёйилиб, гастроллардан кейин сусайиб йўқоладиган агрессив вирусларни ҳамми?

– У чўчқа гриппи сингари ўрнашиб олади. Чўчқа гриппи ҳозирда гриппга қарши вакциналар таркибига киради. Исталган грипп вакцинаси ўрамида H1N1pdm09 ёзувини ўқишингиз мумкин. Лекин у вирус аллақачон бошқача бўлиб қолган, 2009–2010 йиллардаги сингари агрессив эмас.

Турли вакциналарда тамомила бошқа-бошқа таъсир механизмлари бўлади. Қизилчага қарши қўлланиладиган тирик вакциналар фавқулодда самаралидир. Совет пайтида қилинган эмлашлар ҳозирда 50–60 ёшда бўлган одамларни ҳамон жуда яхши ҳимояламоқда. Лекин тезкор вирусларга қарши вакциналар билан ҳолат умуман бошқача. Уларга доим мослашиш керак бўлади.

Масалан, мавсумий гриппга қарши эмлаш вакцинаси уч-тўртта штаммни ўз ичига олади. Ҳозирда самарадорлиги 35–60 фоиз бўлган тўрт валентли вакциналарни ишлаб чиқариш устида иш кетяпти. Шу йилнинг ўзида АҚШда 52 минг одам гриппдан вафот этди. Чунки уларда муайян янги штаммларга қарши эмлаш бўлмаган. Универсал вакцина яратишга бўлган уринишлар ҳам мавжуд.

2002 йилда Хитойда SARS-CoV эпидемияси авж олганида мутахассислар унга қарши вакцина ишлаб чиқишга киришган эди. Лекин 2003 йилга келиб касалларнинг аксар қисми тузалиб бўлди ёки вафот этиб кетди ва вируснинг тарқалиши тўхтади. Вакцинани ишлаб чиқиш юзасидан изланишлар ҳам музлатиб қўйилди.

Нима бўлганда ҳам вакцина нажот эмас. Ҳатто у уч ой ичида ишлаб чиқилиб, татбиқ этилса ҳам биз уни аввал синамасдан туриб миллионлаб одамларга эмлашга буюра олмаймиз. Одатда, клиник синовлар ва қайдлар бир неча йил давом этади.

Эмланган одамда барқарор иммунитет шаклланишига аниқ ишонч ҳосил қилиниши керак. Акс ҳолда, ёппасига эмлашдан фойда йўқ. Шунингдек, эмлаш ҳамма учун, шу жумладан, сурункали касали борлар учун ҳам бехатар бўлиши керак. Лекин ҳозирги пандемия вазиятида энг мақбул ва самарали ечим бу – ўз-ўзини изоляция қилишдир. Ҳозир унинг муқобили йўқ!