Ўзбекистонда эндиликда коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун соғайиб кетганларнинг қон зардобидан антитана мақсадида фойдаланилиши йўлга қўйилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби маълум қилди.

Фото: Getty Images

Қайд этилишича, Ўзбекистондаги бир қатор тажрибали олим ва шифокорлар билан келишилган ҳолда тез кунларда мутлақо янгича усул — коронавирусдан соғайган инсонларнинг қон зардобини хасталиги оғир кечаётган беморларга қуйиш амалиётини жорий этиш бошланади.

Бунда COVID-19 инфекциясига чалинган беморлар қон зардобида вирусга қарши иммун таначалар пайдо бўлиб, улар вируснинг ўлимига олиб келади.

«Аввало, коронавирус инфекциясидан тузалган инсонлардан зардоб олишдан олдин бир нечта инфекцияларга текширилади, тиббий кўрикдан ўтказилади. Қўшимча инфекцияси ва касаллиги бўлмаган инсонлар зардобининг кичик бир қисми олинади, холос. Бу миқдор донор учун ҳеч қандай салбий асоратларни намоён қилмайди. Бу илмий жиҳатдан исботланган. Сўнгра йиғиб олинган зардоб яна қўшимча ишлов бериш жараёнларидан ўтказилгандан сўнг касаллик оғир кечаётган беморлар розилиги ва шифокор кўрсатмалари ҳамда махсус тартибларга қатъий риоя қилинган ҳолда қўлланилиши мумкин.

Энг муҳими, COVID-19 инфекциясидан тузалган инсонларнинг қон зардоби касаллик оғир кечаётган ёки узоқ давом этаётган беморларимизга вирусни тезроқ ва осонроқ енгиш учун қўшимча курашиш манбаи бўлиб хизмат қилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 10 апрель Тошкент вақти билан соат 10:00 ҳолатига кўра, 624 кишига етди. Шу вақтгача касалликдан уч киши (бир аёл ва икки эркак) вафот этди.  Бундан ташқари, хорижда камида 23 нафар ўзбекистонлик коронавирусга чалинган, уларнинг уч нафари (учаласи ҳам АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида) вафот этган. Мамлакатда коронавирусдан тузалганлар сони 42 нафарга етди.