АҚШда ўтган бир сутка ичида 1904 киши коронавирус оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Жон Ҳопкинс университети маълумотларида келтирилган.

Фото: Reuters

Ушбу кўрсаткич 8 апрелда кузатилган антирекорддан 61 кишига кам. Мамлакатда пандемия бошланганидан буён 16 684 киши вафот этган. Бир сутка олдин ушбу кўрсаткич 14 817 кишига тенг эди.

Бутун мамлакат бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 465 минг кишидан ошган, 25 мингдан ортиқ одам соғайишга муваффақ бўлган.

Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, АҚШ коронавирус қурбонлари сони бўйича дунёда Италиядан кейин (18 279 киши) иккинчи ўринда кетмоқда. Учинчи ўринни 15 447 нафар қурбон билан Испания эгаллаб турибди.

Аввалроқ АҚШ разведкаси Уханда тарқалган коронавируснинг ҳалокатли бўлиши ҳақида ҳукуматни ноябрь ойидаёқ огоҳлантиргани маълум бўлганди. 8 апрель куни АҚШ вице-президенти Майкл Пенс мамлакатнинг баъзи йирик шаҳарларида коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият яхшиланаётганини маълум қилди. Шунга қарамай, америкалик ҳамшира ўз бўлимидан фақат ўликлар чиқаётганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 9 апрель Тошкент вақти билан соат 15:30 ҳолатига кўра, 582 кишига етди. Шу пайтга қадар уч киши (бир аёл ва икки эркак) коронавирус сабаб вафот этди.