Россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли USM холдинг акциядорлари Россия ҳудудида коронавирусга қарши кураш учун 2 миллиард рубль (26,5 миллион доллар) ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.

Фото: «Коммерсантъ»

Маълум қилинишича, мазкур маблағ инфекциясининг мамлакат ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тезкор штаб эҳтиёжлари учун беғараз тақдим этилади.

Қайд этилишича, маблағларни биринчи навбатда тиббиёт ходимлари ва кўнгиллилар учун ҳимоя воситалари сотиб олиш, уларни транспорт билан таъминланиш, шунингдек, тиббиёт ходимлари ва коронавирусдан зарарланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни даволаш ишларида банд бўлганларга моддий ёрдам кўрсатиш учун йўналтириш режалаштирилган.

Холдинг томонидан қўшимча қилинишича, сўнгги ҳафталар давомида коронавирусга қарши кураш учун унинг назорати остидаги компания ва холдингларнинг ресурлари ва кучлари жалб қилинган.

USM асосчиси Алишер Усмоновнинг айтишича, коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш билан бирга, холдинг компаниялари ўз ишининг узлуксизлигини ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрмоқда.

Аввалроқ миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фондига 20 миллион доллар ўтказиб бергани, бу пуллар Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги карантин учун махсус касалхонани тиббий асбоб-ускуналарни таъминлашга сарфланиши ҳақида хабар берилган эди. Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни коронавирус тарқалиши ва унинг оқибатларига қарши кураш масалаларига бағишланган видеоселекторда Алишер Усмоновнинг Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдами ҳақида тўхталиб ўтди ҳамда бунинг учун унга миннатдорчилик билдирган эди.

Шунингдек, Алишер Усмоновнинг карантин сабаб вақтинча Тошкентга кўчиб келгани маълум бўлган эди.