Нидерландиянинг «Витесс» футбол клуби собиқ президенти Кес Баккер коронавирус туфайли вафот этди, дея ҳабар қилмоқда De Gelderlander.

Фото: Twitter

76 ёшли функционер 25 март куни оламдан кўз юмган. Баккер 21 март куни коронавирус ташҳиси билан шифохонага ётқизилганди. Таъкидланишича, Кес аввалроқ ўпка саратонидан азият чеккан.

Баккер «Витесс»даги фаолияти мобайнида бир қанча лавозимларда ишлаган. 2016 йилда у маълум вақт клуб бошқарувини ўз қўлига олганди. Баккер 7 март куни Эредвизия доирасидаги «Витесс»—«Твенте» 1:0 учрашувига ташриф буюрганди.

«Витесс»га қадар у олти йил мобайнида Арнем шаҳрида полиция раҳбари бўлиб ишлаган.

26 март ҳолатига Нидерландияда COVID-19 инфекциясини юқтириб олганлар сони 6400 кишидан ошди. Қурбонлар сони 356 нафарга етган.