Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашга 100 минг атрофида тиббиёт ходимлари сафарбар қилинган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 март, пайшанба куни, ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этишларича, ҳозирда Ўзбекистоннинг барча тиббиёт муассасалари кучайтирилган иш режимига ўтказилган, 11 та тиббиёт муассасаси ва 97 та сиҳатгоҳ, оромгоҳ ва ётоқхоналар карантинга ихтисослаштирилган.

26 март соат 22:30 ҳолатига кўра, 65 фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган бўлса, уни жиловлаш, тарқалишининг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш мақсадида уй шароитида 80 мингга яқин, стационарда 12 минг нафар фуқаро карантинга олинган.

«Пандемияга қарши курашиш бўйича 100 минг атрофида тиббиёт ходимлари мобилизация қилиниб, уларга ҳокимликлар, ички ишлар тизими, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари яқиндан кўмаклашмоқда», — деди Президент.

Президент матбуот хизматининг қўшимча қилишича, видеоселекторда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида биринчи босқичда 10 минг ўринга мўлжалланган карантин зонасини барпо этиш ишлари якунланаётгани айтиб ўтилган.

Таъкидланишича, Тошкент вилоятида 2 та беш минг ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қурилмоқда. Унинг мингталик биринчи блоки яқин кунларда фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, Сурхондарё, Наманган ва Навоийда ҳам ҳар бири минг кишилик модуль касалхоналар ва карантин пунктларини жиҳозлаш ишлари бошланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда бир ҳафта ичида санаторий ва бошқа соғломлаштириш масканлари, меҳмонхоналар негизида Қорақалпоғистон Республикасида 4 та, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 3 тадан 14 кунлик карантин тадбирлари учун мослаштирилган базалар ташкил этилиши маълум бўлганди. Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб коронавирус билан касалланганларни даволаш ва карантин учун 10 га яқин касалхона қурилмоқда.