Москвада коронавирус билан касалланган икки нафар бемор вафот этди. Бу ҳақда тезкор штаб ахборотига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Вафот этганларнинг 88 ва 73 ёшда экани айтилмоқда. Ўлимнинг аниқ сабаби ошкор қилинмаган.

«Уларнинг ўпкаси пневмонияга учраганди, шунга яқин патологиялар кузатилган», — дейилади штаб хабарида.

Москвада COVID-19 юқтириб олган беморнинг ўлими 19 март куни Коммунарка юқумли касалликлар касалхонасида қайд этилган ва у 79 ёшли аёл экани тасдиқланганди. Шифокорларнинг сўзларига кўра, аёлнинг ўлимига коронавирус келтириб чиқарган пневмония эмас, балки қон томирларида узилиб кетган тромб сабаб бўлган. Аёл кўплаб сурункали касалликлар билан оғриган.

Бундан ташқари Коммунарка касалхонасида яна бир неча бемор вафот этган ва уларда ҳам коронавирус борлиги тасдиғини топмаганди. 12 март куни Москва соғлиқни сақлаш департаментининг хабар беришича, касалхонанинг жонлантириш бўлимига ўта оғир ҳолатда олиб келинган, нафас етишмовчилиги кузатилган бемор вафот этган. Шифокорлар уни сақлаб қолишга уринган, аммо бемор буйрак остидан қон кетиши оқибатида жон берган. 75 ёшли эркак саратон касаллиги билан оғриган, тестлар унинг коронавирус юқтириб олганини кўрсатган. 24 март куни Коммунарканинг онкологик касалликлар бўлимида 69 ёшли аёл ҳам вафот этган, ушбу беморда ҳам саратоннинг терминал босқичи кечаётгани маълум бўлган. Ушбу аёлда коронавирус инфекцияси борлиги аниқланмаган.

Аввал Москвада коронавируснинг енгил шакли бўлган беморларга уйда даволанишга рухсат берилгани, Росавиация МДҲнинг уч мамлакати фуқароларини Москвадан олиб чиқиб кетишда муаммо бўлаётганини маълум қилгани ҳақида хабарлар берилганди.

25 март ҳолатига кўра, Россияда COVID-19 коронавируси билан касалланиш бўйича 658 та ҳолат кузатилган. Бир сутка ичида касалланганлар сони 163 тага кўпайган. Москва шаҳрининг ўзида 410 нафар одам коронавирусни юқтириб олгани аниқланган. Роспотребнадзор хориждан қайтган россияликларда кузатилаётган касалланиш ҳолатларини нохуш эпидемиологик вазият билан боғлиқ эканини билдирган. Россия пойтахтида COVID-19 билан касалланган 15 нафар бемор соғайиб кетган.

Москвада ҳукумат вакиллари 65 ёшдан катта бўлган барча одамларни ўз уйларида карантинга олган. Мактаблар ва университетлардаги дарслар бекор қилинган ёки масофадан таълим бериш тизимига ўтказилган, кўнгилочар муассасалар ёпилган.