Франциянинг Balenciaga ва Yves Saint Laurent брендлари устахоналарида тиббий ниқоблар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Meduza’нинг ёзишича, бу ҳақда ушбу брендларга эгалик қилувчи Kering корпорацияси маълум қилган.

Фото: «Медиа.аз»

Қайд этилишича, ниқобларни ишлаб чиқариш жараёнида ходимлар соғлиғини сақлаш бўйича қатъий чоралар кўрилади. Ишлаб чиқариш ҳукумат томонидан тасдиқланганидан сўнг амалга оширилади.

Корпорация, шунингдек, Франция соғлиқни сақлаш вазирлигига Хитойдан сотиб олинган 3 миллионта ниқобларни тақдим этади. Бундан ташқари, COVID-19 коронавирус инфекцияси бўйича тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш учун Pasteр институтига хайрия қилган.

Коронавирус пандемияси фонида LVMH концерни Christian Dior, Givenchy ва Guerlain брендларига атир ишлаб чиқарувчи 3 та фабрикада март ойининг ўрталарида қўл санитария воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. LVMH, шунингдек, Хитойдан сотиб олинган 10 миллионта ниқобларни Францияда тарқатмоқчи.

H&M компанияси 22 март куни касалхоналарга ниқоб ва тиббиёт қўлқопи каби индивидуал ҳимоя воситаларини етказиб беришини маълум қилган.

Францияда коронавирус эпидемияси кучайиб, учинчи даражага ўтди. 17 мартдан бошлаб Франция камида икки ҳафта давомида одамлар ҳаракатига қатъий чекловлар қўйди. Мамлакатда кафелар, ресторанлар, кинотеатрлар ва ноозиқ-овқат дўконлар ёпилган. Дорихоналар, озиқ-овқат дўконлари, банклар, ёнилғи қуйиш шохобчалари ва тамаки дўконлари очиқ қолмоқда.