Лойиҳамиз қаҳрамони — Ражабова Сурайё Тўлагановна, умумий амалиёт шифокори. Ражабова Сурайё Тўлагановна 40 йилдан буён шифокор бўлиб ишлаб келмоқда. Айни пайтда Яккасарой туманидаги 57-сонли поликлиникада умумий амалиёт шифокори бўлиб ишлайди.

COVID-19 билан боғлиқ вазият туфайли кўп сонли уйга чақирувлар ва клиникадаги қабулларга қарамай, Сурайё Тўлагановна ўзининг некбин кайфиятини йўқотмаган.

«Ҳа, биз айни вақтда хатарли ҳудудда ишлаяпмиз ва ҳозирда бизда умумий амалиёт врачлари етишмаяпти, 12 та бўлимда 4 нафар шифокор ишламоқда. Аммо, шунга қарамай, биз маъмурият томонидан кўрсатилаётган катта ёрдамни ҳис қилмоқдамиз, биз учун ҳам, беморлар учун ҳам барча шароитлар яратилган».

Ҳозирги вазиятда ўз фаолиятларида юзага келаётган қийинчиликлар масаласида эса, Сурайё Тўлагановна иш ҳажмининг кўплигига қарамай, хотиржамликни сақлаб қолиш ва сабр-тоқатли бўлиш, тушкунликка тушмаслик керак, — деб ҳисоблайди.

«Одамларга хавфсизлик чораларини, шахсий гигиена қоидаларини ва вируслардан ҳимояланиш қоидаларини шошилмасдан ва аниқ қилиб, аммо уларни ваҳима ва хавотирга солмасдан тушунтириш керак. Биз мутлақо хилма-хил одамлар билан ишлаймиз, улар – ҳомиладор аёллар, болалар, қариялар. Ва уларнинг ҳар бири билан ишлашнинг ўз ёндашуви бор. Биз беморга қулай бўлган тилда тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Агар бир неча марта такрорлаш керак бўлса, такрорлаймиз. Бемор ҳамма нарсани эслаб қолиши биз учун жуда муҳим».

«Баъзида ухлаш ва дам олиш учун атиги 2 соат вақтимиз бўлади, аммо беморларимизнинг миннатдорчилик сўзларини эшитганимизда барча чарчоқларимиз ўз-ўзидан тарқалади, чунки биз шифокорлар учун бундан қадрлироқ нарса йўқ».

Сиз ҳаётингизни шифокорлик касбисиз тасаввур қила оласизми?

«Йўқ, албатта, йўқ, мен ўз ҳаётимни касбимсиз тасаввур қила олмайман. Мен ҳар сафар ухлашга ётганимда, кун давомида нималар қилишга улгура олмаганим ва яна нима қилишим кераклиги ҳақида ўйлайман. Кимга қўнғироқ қилиш ва ўзини қандай ҳис қилаётганини сўраш кераклиги, яна кимнинг ёрдамга эҳтиёжи борлиги ҳақида ўйлайман. Бу саволларнинг барчаси уйқуга ётишдан олдин бирма-бир ҳаёлимда айланади.

Менинг зиммамда катта масъулият бор. Баъзан одамларга шунчаки тиббий ёрдамнинг ўзи камлик қилади, улар шунингдек, психологик ёрдамга ҳам эҳтиёж сезадилар. Улар ўзларига ёрдамга келадиган одамлар борлигига, уларни ташлаб қўймасликларига ишонишлари керак».

Дам олиш кунлари ҳам, таътил кунлари ҳам ўзингизни фидокорларча ишга бағишлашингизга, оила аъзоларингиз қандай муносабат билдиришади?

«Албатта, болаларим мен учун хавотирланишади ва мени хотиржам нафақага чиқишимни хоҳлашади. Бироқ, агар мен халқимизга фойдам тегиши мумкинлигини билар эканман, айниқса ҳозир, менинг билимим ва тажрибам зарур бўлган вақтда қандай қилиб уйда ўтиришим мумкин. Агар сиз ўз ишингизни севсангиз, қийинчиликлар ва чарчоқ ҳақида мутлақо ўйламайсиз. Асосийси – ҳамма соғ-саломат бўлсин».

Шунингдек, Сурайё Тўлагановна болалар албатта ота-оналарининг изидан юришлари керак деб ҳисобламайди. Чунки, ишингиздаги муваффақиятингиз сизнинг ўз касбингизни қанчалик севишингизга боғлиқ.

Сиз инсонни кўнгли тортмаган томонга юришга мажбур қила олмайсиз. Касбни ҳар доим ҳисоб-китобга кўра эмас, биринчи навбатда кўнгилга қараб танлаш керак.

Сурайё Тўлагановна беморларни қабул қилишни давом эттириши кераклиги сабабли биз суҳбатимизни шу нуқтада тугатишга мажбур бўлдик.

«Бизнинг касбимизга қизиқиш билдирганингиз учун ташаккур. «Меҳнатсевар» лойиҳасига ҳам алоҳида раҳмат. Бироқ мен ўз ишимни давом эттиришим керак. Барча ўқувчиларга ва лойиҳа иштирокчиларига сиҳат-саломатлик тилайман».

Реклама ҳуқуқи асосида.