Тошкент шаҳар ҳокимлиги 22 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилгач аҳоли орасида тарқала бошлаган турли миш-мишлар юзасидан расмий маълумот берди.

Фото: «Дарё»

«Аҳолининг кундалик эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда деҳқон бозорлари, супермаркетлар, озиқ-овқат дўконлари, шифохоналар, поликлиникалар, дорихоналар, турли таомларни етказиб бериш хизматлари фаолияти тўхтатилмайди. Улар аввалги тартибда ишлашни давом эттиради.

Одамлардан коронавируснинг кенг тарқалмаслигини олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар уларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги учун эканлигини тушунишларини, ўзлари ва яқинларини эҳтиёт қилишларини, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилишларини илтимос қиламиз», – дейилади ҳокимлик матбуот хизмати берган билдиришда.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 43 нафарга етган, ватанга қайтиш учун мурожаат қилган фуқаролар сони маълум қилинган, шунингдек, Ўзбекистонда карантин даврида ҳар бир фуқарога ҳафтасига 300 минг сўмдан берилиши ҳақидаги хабарлар рад этилган. Шунингдек, ҳукуматнинг 65 ёшдан ошганларга кўчага чиқмасликни тавсия қилгани, жамоат жойларида ниқобсиз юриш тақиқлангани 25 мартдан бошлаб ниқобсиз юрганлар жаримага тортилиши, Ўзбекистонда тиббий ниқоб танқислигини келтириб чиқарганларга қатъий чоралар кўрилиши ҳамда Тошкентдаги барча корхона ва муассасаларга ишчиларни таътилга чиқариш ҳақида топшириқ берилгани, иш масофадан туриб ташкил этилиши ҳақида хабарлар берилган.