Коронавирус билан боғлиқ юзага келган вазият сабабли UzAuto Motors компанияси харидни мобил имкониятлардан фойдаланган ҳолда, уйдан чиқмасдан харидни амалга оширишни тавсия қилди.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, бундай харидни Uzavtosavdo иловаси орқали амалга ошириш имкони мавжуд.

Бундан ташқари, мамлакатда эпидемиологик вазият яхшилангунига қадар компания шартома бўйича тўлов амалга ошириш муддатини 7 дан 21 кунгача узайтирганини маълум қилган.

Шу билан бирга, компаниянинг барча дилерлик марказлари доимий штат режимида фаолият юритаётгани, уларда хавфсизлик эҳтиёт чоралари кўрилаётгани айтиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors компанияси 9 март куни ўзи ишлаб чиқараётган (йиғаётган) енгил автомобиллар нархини модел ва модификациясига қараб 3 фоиздан 21 фоизгача оширган эди. Нархларнинг бу қадар кескин ошиши халқ орасида кескин норозиликларни келтириб чиқармоқда.

Ҳатто Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси UzAutoMotors’нинг автомашиналар нархини оширганини кескин қоралаб чиқди. Шавкат Мирзиёев ҳам автомобиллар нархи оширилганини танқид қилганди. Монополияга қарши кураш қўмитаси эса UzAuto Motors АЖ енгил автомобиллар нархларини оширгани юзасидан баёнот бериш билан чекланган.