The Economist Intelligence Unit энг арзон ва энг қиммат шаҳарлар рейтингини эълон қилди. Тошкент рўйхатда 132-ўринда қайд этилди ҳамда энг арзон, яъни яшаш учун зарур нарсалар нархи юқори бўлмаган шаҳарлар ўнлигида қолди.

Фото: «Дарё»

Ўтган йил билан таққослаганда пойтахтнинг рейтингда бир поғона пастлаганини кўриш мумкин, экспертларнинг фикрича, бу 2017 йилда Ўзбекистонда валюта девалвацияси бошлангани билан боғлиқ.

Сурия пойтахти Дамашқ шаҳри 133-ўринда қайд этилди ва рейтингдаги ҳудудлар орасида энг арзони деб топилди. Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри ҳам 131-ўринни эгаллаб, энг арзон шаҳарлар ўнлигига кирган.

EIU таҳлилчилари рейтингда қуйи поғоналарни эгаллаган шаҳарларнинг айримларида валюта рисклари катталиги, баъзиларида эса сиёсий барқарорлик йўқлиги ушбу тенденцияга сабаб бўлганини таъкидлаган.

Энг қиммат шаҳарларга Сингапур, Гонконг ва Осака кирган, учала шаҳар ҳам бир хил балл билан 1-ўринда қайд этилган. Улардан кейинги ўринларни Нью-Йорк, Париж, Цюрих, Тель-Авив, Лос-Анжелес, Токио ва Женева эгаллаган.

Worldwide Cost of Living рейтинги 133 та шаҳарни қамраб олган ва уларни 160 та категория бўйича, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, турар жой ижараси, транспорт, коммунал хизматлар, мактаблардаги таълим нархи ва бошқа ижтимоий масалаларнинг таъминланганлик даражасини таҳлил қилади. Тадқиқотлар ушбу шаҳарларга келадиган экспатриант (чет эллик ишчи ёки корхонанинг чет элда ишлайдиган ходими) ва бизнесменларнинг компенсация пакетини ҳисоблаб чиқиш учун амалга оширилади.

Тошкент, Mercer компанияси ҳисоботига кўра, 2019 йилнинг ёзида экспатлар учун энг арзон шаҳар рейтингида ўрнини Тунисга бўшатиб берган. Ўтган йилнинг июль ойида Ўзбекистон Numbeo порталининг яшаш учун энг арзон мамлакатлар рейтингида 6-ўринни эгаллаганди.