Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 23 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилишларича, Францияда бўлиб қайтган биринчи бемор аёлнинг яна уч нафар қариндошида коронавирус аниқланган. Аввалроқ унинг ўғли, қизи, турмуш ўртоғи, невараси, онаси, келини, яна бир қариндоши ва бир ҳамкасбида ҳам касаллик аниқланган эди.

Шунингдек, 15 март куни HY274 Истанбул—Тошкент рейси билан келган рейснинг яна бир йўловчисида ҳам коронавирус аниқланган. Аввалроқ шу рейсда бўлган икки эр-хотин ва яна бир йўловчида ҳам коронавирус инфекцияси топилган эди.

Бундан ташқари, 14 март куни HY202 Лондон—Тошкент рейси билан келган яна бир йўловчида ҳам касаллик қайд этилган. Бу — мазкур рейсда келиб, коронавирус юқтириб олгани аниқланган тўртинчи фуқаро — аввалроқ бир эр-хотин ва яна бир йўловчида вирус қайд этилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, коронавирус аниқланган янги беш беморнинг бари шу вақтгача тиббий назоратда бўлган. Қўшимча қилишларича, инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Дубайдан Тошкентга учиб келган бир фуқарода ҳам коронавирус аниқланган. Шундай қилиб, Ўзбекистонда 15 март куни тўрт кишида, 16 март куни тўрт кишида, 17 март куни уч кишида, 18 март куни етти кишида, 19 март куни соат 10:20 ҳолатига кўра беш кишида коронавирус аниқланди.