Наманган халқаро аэропортига жорий йил 16 март кечки пайт Латвия ва Эрондан икки рейс келиб қўнди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: Хамдамжон Мамадалиев

Йўловчилар дезинфекциялаш ишларидан сўнг тиббий кўрикдан ўтказилган ва автобусларда 14 кунлик карантин учун махсус тайёрланган муассасаларга олиб кетилган.

Фото: Хамдамжон Мамадалиев

Жумладан, Ригадан учиб келган 175 нафар йўловчи Косонсой туманидаги шу номли сиҳатгоҳга жойлаштирилган. Улардан 135 нафари аёл, 40 нафари эркак бўлиб, аксари талабалар эканлиги айтилмоқда. Асосан Тошкент шаҳри ва Тошкент, Хоразм, Фарғона ҳамда Наманган вилоятлари вакилларидан иборат.

Фото: Абдулла Ғозиев

— Карантинга олинган ҳамюртларимизнинг саломатлиги қатъий назоратга олинган. Тегишли шифокорлар гуруҳи иш олиб бормоқда. Дори-дармон ва дезинфекциялаш воситалари захираси яратилган. Карантиндагилар вақтларини кўнгилли ўтказиши учун спорт жиҳозлари мавжуд. Савдо хизмати ҳам йўлга қўйилган. Сиҳатгоҳ ошхонасида 3 маҳал иссиқ овқат бериляпти, — дейди «Косонсой» санаторийси фаолияти ва ҳолати бўйича масъул Тоҳиржон Турдиев.

Фото: Абдулла Ғозиев

Эрондан учиб келган рейсдаги 39 нафар йўловчи Тўрақўрғон туманидаги юқумли касалликлар бўлимига жойлаштирилган ва карантинга олинган. Улардан 29 нафари эркак, 10 нафари аёл бўлиб, асосан Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларидан. Бу ерда ҳам улар учун зарур барча шароитлар яратилган.

Фото: Тўрақўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддиларига кўра, Чортоқ туманида жойлашган «Чортоқ» санаториясида карантинга олинадиган фуқаролар учун қўшимча яна 200 ўринли алоҳида шифохона ташкил этилмоқда.

Фото: Тўрақўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, барча туманларнинг юқумли касалликлар бўлимида биттадан, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида эса 4 та махсус бокс заҳира сифатида ташкил этилди. Наманган шаҳрида 3 та, туманларда биттадан зарур мутахассислардан иборат тезкор бригадалар шакллантирилди ва уларга махсус реанимобиллар бириктирилди.