АҚШ президенти Дональд Трамп яқин вақтлар ичида янги турдаги коронавирус учун тест топшириши мумкинлигини маълум қилди, деб хабар беради Reuters.

Фото: Reuters

Дональд Трамп АҚШга ташриф буюрган Бразилия президенти администрациясининг жамоатчилик билан алоқалар котибияти раҳбари Фабио Вайнгартен билан бирга суратга тушган эди. Кейинроқ Вайнгартенда коронавирус аниқланган.

«Катта эҳтимол билан, ҳа. Айнан шу сабаб билан эмас, ўйлайманки, мен тестни ҳар қандай ҳолатда ҳам топширган бўлардим», — дейди АҚШ президенти.

Аввалроқ Трампнинг ўзи Бразилия делегацияси аъзосида вирус аниқланганидан хавотирда эмаслигини билдирган эди. Оқ уй ҳам Трампни коронавирус билан касалланган одамнинг ташрифидан кейин текширишдан бош тортганди. Вайнгартенда коронавирус аниқлангач, Бразилия президенти Жаир Болсонару ҳам тегишли таҳлилларни топширган ва унда коронавирус аниқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп ва АҚШ вице-президенти Майк Пенс қатнашган конференция иштирокчисидан ҳам коронавирус топилгани ҳақида хабар берилганди.