Совет Иттифоқи парчалангач, Болқон яриморолида сиёсий таранглик янада жиддийлашди. Косово можароси ҳам айнан шундай этник низолардан бири сифатида тарихда қолди. «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Эргашев анъанавий тарих рукнида шу ҳақда ҳикоя қилади.
Болқон яримороли мамлакатларида Югославиянинг парчаланиши халқлар ўртасидаги муносабатларга ҳам таъсир қилди. Янги этник можароларнинг илдиз отиши учун шароит яратди.
Косово – Болқон яриморолидаги ҳудуд. Пойтахти – Приштина шаҳри. Ҳозирда унинг мустақиллиги қисман тан олинган бўлиб, давлат тили сифатида албан ва серб тилидан фойдаланилади. Республика икки қисм – Косово ва Метохиядан иборат. Косово сербчада «қора майналар ўлкаси» маъносини беради. Метохия эса юнончада «черков мулки» деганидир.
Косово: табиий географик ўрни
Косово Болқон яриморолининг марказида жойлашган. Умумий майдони 10 887 квадрат метрни ташкил қилади. Ҳудуди, асосан, тоғли бўлиб, Албания, Черногория, Македония ва Сербия билан чегарадош.
Косовонинг қисқача тарихи
Қадимда Косово ҳудудида иллир қабилалари истиқомат қилган. VI асрдан бу ерга славянлар кела бошлади. Улар романлашган маҳаллий аҳолини денгиз бўйидаги шаҳарларга, валахларни эса тоғларга сиқиб чиқарди. IX асрга келиб, косоволиклар христиан динини қабул қилди.
IX–XII асрлар мобайнида Византия, Болгария ва икки серб князлиги – Рашка ва Дуклей Косовони ўз тасарруфига олиш учун жанг олиб борди. XII аср охирида серб қироли Стефан Неман Косовони ўз қироллигига қўшиб олди. Косово Серб қироллигининг марказий ҳудудларидан бири сифатида иқтисодий жиҳатдан ривожланди. Аммо қирол Стефан Душан вафотидан сўнг феодал тарқоқлик иқтисодиётни таназзулга олиб келди.
1389 йилда серб Лазар Косово майдонида мағлубиятга учрагач, мамлакат Усмонли салтанати таркибига кирди. Косово ҳудудида аҳоли миграцияси бошлангач, демографик танглик вужудга келди. Насронийлик динига эътиқод қилувчилар турк истибдодида яшашни истамай, ҳудудни тарк этди. Бўшаб қолган ерларга мусулмон албанлар кўчирилди. Натижада Косовода мусулмон албан миллати улуши 50 фоизни ташкил этди. Бу эса келажакдаги албан–серб низосига сабаб бўладиган омил эди.
1912–1913 йиллардаги Болқон уруши натижасида Косовонинг бир қисми Сербияга, яна бир кичик қисми эса Черногория таркибига ўтди. Шу вақтда Албания давлати ҳам ташкил этилди.
Косоводаги этник миграциялар
Косовонинг славян давлатлари таркибига кириши натижасида серб ҳукумати славян элатининг кўчиб келишини рағбатлантирди. Уларнинг оммавий кўчиши Косовода албан миллати улуши қисқаришига олиб келди.
Биринчи жаҳон уруши вақтида 1915 йили Австро-Венгрия империяси Косовони эгаллаб олди. Албания ҳукумати эса Австро-Венгрия империясини қўллаб-қувватлаган ҳолда Косовода ўз таъсир доирасини ёйишга уринади. Аммо Биринчи жаҳон урушида Учлар Иттифоқи мағлубиятга учради ва Косово янги ташкил топган Югославия таркибига қўшиб берилди. Югославия таркибида Косоводаги ижтимоий вазият муаммоси келажакда ҳал қилинадиган муаммо сифатида қолаверди. Албанлар ўша кезларда Албания таркибига қўшилиш учун партизанлик ҳаракати олиб борди. Югославия ҳукумати эса сербларнинг Косовога кўчирилиши учун рағбат берадиган сиёсат юритди.
Иккинчи жаҳон уруши даври
Иккинчи жаҳон уруши даврида Косово Италия протекторати – ҳомийлиги ўрнатилган Албанияга бўйсундирилди. Албан ҳукумати яна сербларни оммавий равишда Косоводан ҳайдаб чиқариш, бадарға қилиш сиёсатини бошлаб юборди. Фашистик Албания ҳукумати сиёсати натижасида 40–50 мингга яқин серблар репрессия қилинди ва 100 минглаб серблар Косоводан қочишга мажбур бўлди.
1944 йилда ўлка Косово партизанлари ҳаракати натижасида Италиядан мустақил бўлди ва яна Югославия таркибига ўтди. Югославия Федератив Халқ Республикаси конституциясига мувофиқ Косово ва Метохия мухтор ҳудуди ташкил этилди. Югославиянинг Броз Тито раҳбарлигидаги авторитар ҳукумати Косовога албанларнинг кўчиб келишини рағбатлантирди ва сербларга нисбатан дискриминацияга асосланган сиёсат юритди.
Косово, асосан, дотациялар эвазига кун кўрадиган ҳудуд бўлиб, аҳолиси қашшоқ, инфратузилма ривожланмаган ҳудуд сифатида қолаверди. Аслида, статистик маълумотларда паст кўрсатгичга эга бўлган Косово иқтисодий жиҳатдан барқарор эди. Шу сабабли Албаниядаги албанлар ўз турмуш шароитларини яхшилаш истагида Косовога оммавий равишда кўчиб келди. Албанлар миграцияси кучая бошлагани сабаб улар серб жамоасини минтақадан сиқиб чиқарди. Серб-албан келишмовчилиги эса янада илдиз отди. Мавжуд ҳукумат эса ҳалигача бу этник низонинг сабабларини ўрганмади, олдини олишга ҳаракат қилмади.
Слободан Милошевич ҳокимияти ва серб-албан этник низосининг кучайиши
1987 йилнинг апрель ойида Слободан Милошевич Сербия коммунистик партиясининг раиси сифатида Косовога ташриф буюрди. Ташриф давомида серблар ва албанлар ўртасида низо келиб чиқди. Милошевич сербларга қарата бундан кейин «серб миллатини ҳеч ким хафа қилолмайди» деган нутқ ўқиди. Милошевич ҳам серб, ҳам албан миллатчилигини танқид қилган бўлсада, Косоводаги серблар бу нутқдан илҳомланиб ҳарбий тузилмалар тузди. Бу эса икки миллат ўртасидаги этник низони янада кескинлаштирди.
1989 йилда ўтказилган референдум натижасида мухтор ўлкаларнинг ҳуқуқлари янада қисқартирилди. Косоволик албанлар референдум натижаларини бойкот қилишди. Уларнинг назарида референдум косоволик албанларнинг ҳуқуқларини оёқости қилаганлиги эди. Сабаби референдум натижасида Косовода албан тилида олиб бориладиган теле ва радио узатмалари тўхтатилган, албан тилида таълим олиш бекор қилинган эди. Мазкур воқеалар эса Косовода оммавий равишда иш ташлашлари миллий тўқнашувларга олиб келди. Югославия ҳукумати низоларнинг олдини олиш учун минтақада фавқулодда ҳолат эълон қилди, аммо албан айирмачи гуруҳларининг ҳаракатлари кучайишини олдини ололмади.
Мустақилликнинг эълон қилиниши
1991 йилнинг 22 сентябрида Косоводаги албан ватандошлари референдум ўтказишди ва мустақил Косово республикаси ташкил этилганини эълон қилди. Шу кунда президентлик сайлови ўтказилди ва Иброҳим Ругов мустақил Косово давлати президенти этиб сайланди. Орадан бир ой ўтиб Албания Косово давлатининг мустақиллигини тан олди. Косовода қуролли кучлар гуруҳи бирлаштирилиб, озодлик армияси ташкил этилди. Натижада сербларга қарши репрессиялар авж олди.
Дастлаб Косоводаги айирмачиларга қарши серб партизанлари ҳаракат қилган бўлса, кейинчалик бу ҳаракатга Югославия армияси ҳам қўшилди. Низо маҳаллий муаммодан, глобал муаммога айлана бошлади. 1999 йилда НАТО ҳарбий ташкилоти ҳарбийлари Косоводаги воқеларга аралашди. Югославия шаҳарлари ва ҳарбий объектлари НАТО қўшинлари тарафидан ҳаво ҳужумига тутилди. Ҳужумлар оқибатида ярим миллионга яқин аҳоли, асосан, албанлар бошпанасиз қолди.
Бундан ташқари, албанларнинг кўплаб тарихий қадамжолари Косоводаги уруш натижасида вайрон бўлди. НАТОнинг маҳаллий низоларга аралашуви натижасида Югославия ҳукумати тўла бошқарувини БМТга беришга мажбур бўлди. БМТ Косовода ўз бошқарувини ўрнатгандан кейин, минтақадаги миллати, асосан, серб ва лўли бўлган 277 минг аҳоли Сербиядан бошпана сўради.
Ҳозирги аҳвол
2004 йил 23 октябрда Косовода БМТ назорати остида сайлов ўтказилди. Муваққат сайловлар натижасида Иброҳим Ругов президент этиб сайланди. Косоводаги учта партиядан фақат серблар партияси сайлов натижларини тан олмади. Натижада Косовода яна қуролли тўқнашув юз берди. Тўқнашувлар оқибатида 4 мингдан ортиқ серблар қочқинликка юз тутди, сербларнинг Косоводаги черковлари вайрон қилинди.
БМТ муваққат ҳукумати аста-секинлик билан бошқарувни Косово ҳукуматига топширди. 2008 йилда ўтказилган сайловларда Ҳошим Тачи президент этиб сайланди ва ҳозиргача мамлакатни бошқариб келмоқда.
Косово масаласида ҳозирга қадар АҚШ бошчилигидаги Ғарб ва Россия бошчилигидаги БРИКС мамлакатлари бир қатор саммитлар уюштирди. 2010 йилда Гаагадаги халқаро суд Косовонинг мустақил давлат экани ҳақида қарор қабул қилди. Шундай бўлсада, Косово масаласида бир тўхтамга келингани йўқ. Ҳозирга қадар БМТга аъзо бўлган мамлакатларнинг 93 тасигина Косовони мустақил давлат сифатида тан олди.
АҚШ бошчилигидаги Ғарб Косовонинг мустақиллигини тан олган бўлса, Россия, Хитой ва БРИКС мамлакатлари буни тан олмаяпти. Сербия ҳукумати ҳам шу йўлни тутмоқда.
Косовода уюшган жиноятчилик, одам савдоси, коррупция кучайиб келмоқда. Серблар эса Косовони тарк этишни давом эттирмоқда. Серб ва албан миллатчиларинг адовати туфайли кўплаб бегуноҳ инсонлар қийин вазиятни бошидан кечиряпти.
Изоҳ (0)