Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан масжидлар асоссиз, ёппасига текширилаётгани, бундан кўзланган мақсад — диний соҳа вакилларини яна босим остига олиш, уларни жазолаш экани ҳақида маълумотлар тарқатилди. Ушбу хабарларга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муносабат билдирди.

Фото: «Дарё»

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги 946-сон қарори билан тасдиқланган Дин ишлари бўйича қўмита низомининг 12-бандига кўра қўмита диний ташкилотларга фаолиятини амалга оширишда ташкилий, ҳуқуқий ва методик ёрдам кўрсатади.

Шунга мувофиқ Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ноисломий конфессияларга оид диний ташкилотлар билан ҳамкорликни янада жадаллаштириш, уларга соҳага доир меъёрий ҳужжатларни юритишда услубий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш бўйича турли тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.

Жорий йилнинг февраль ойида икки ташкилот масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Тошкент шаҳридаги масжидларга ташкил этилган ташрифлар ҳам шулар жумласидандир.

Айтиш жоизки, имом-хатиб нафақат диний ибодат ва маросимларни ўтказувчи мутахассис, балки айни пайтда адлия идоралари олдида диний ташкилот раҳбари сифатида ҳисобдордир. Шунга кўра, диний соҳа ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳужжат юритиш бўйича касбий кўникмаларини ошириш бугунги кун талаби ҳисобланади.

Аниқланган айрим муаммоли ҳолатлар ҳақида имом-хатибларга ушбу камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар, шунингдек, масжид ҳужжатларининг юритилиши юзасидан амалий-услубий тушунтиришлар берилди», — дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, Миробод туманидаги «Ал-Бадр», Олмазор туманидаги «Дўстжонбой», Учтепа туманидаги «Абу Ҳурайра» ва «Азизота» ҳамда Юнусобод туманидаги «Камолиддин Ориф ал-Бухорий» масжидларининг таҳоратхонаси торлиги, бу ҳолатнинг аҳолига ноқулайликлар келтириб чиқараётгани сабабли уларни кенгайтириш ва таъмирлаш, «Имом Ҳасан» ва «Кўкча Оқтепа» масжидлари хонақоҳлари ва таҳоратхоналари таъмирталаб ҳолатда экани сабабли уларни қайта қуриш бўйича тегишли тавсиялар берилиб, ҳамкорликда янги бинолар лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олинган.

Маълумотларга кўра, бу борадаги ҳамкорлик ишлари тизимли давом эттирилиши режалаштирилган бўлиб, бу ҳақда қўмитанинг сайтида маълумот берилиб борилади.

«Шу ўринда аҳоли орасида турли нохолис маълумот тарқатаётганларга воқеликка холис ёндашиш ва жамоатчиликка тўғри хабар етказишни тавсия қиламиз», — дейилади Диний қўмита муносабатида.