Тошкент вилоятининг Қибрай туманида Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан хизмат вақтида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимлари Бексеид Кентаев, Зоитбек Аҳмедов ва Азизхон Турсунов таҳсил олган 25 ва 28-сонли умумтаълим мактабларида «Хотира бурчаги» ташкил этилди. Бу ҳақда ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Шу муносабат билан расмий очилиш маросимлари ўтказилди.
Маросимда Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари полковник Азиз Тошпўлатов ва Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи полковник Тоҳир Арипов марҳум милиция инспекторларининг ҳаёти, босиб ўтган шарафли йўли ҳақида тадбир қатнашчиларига маълумот бериб ўтди.
Тадбирга ушбу ходимларнинг ота-оналари ҳам таклиф этилиб, шундай фарзандни дунёга келтириб, тарбиялаб вояга етказганлиги учун миннатдорлик билдирди.
Шундан сўнг уларнинг хотирасига бағишлаб, мактабларнинг кириш остонаси пештоқига ўрнатилган «Ёдгорлик тошлари» очилди. Маросимга йиғилганлар томонидан ёдгорлик тоши пойига гуллар қўйилиб, ҳурмат бажо келтирилди.
Изоҳ (0)