Шу йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистондаги 10 та олий таълим муассасаси тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтди. Бу ҳақда 16 январь, пайшанба куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.
Мазкур 10 та олий таълим маскани учун синов даври икки йил этиб белгиланган. Қолган олий ўқув юртлари ҳам аста-секин шу тизимга ўтади.Қайд этилишича, ўз-ўзини молиялаштириш тизимининг жорий этилиши олий таълимнинг бюджет маблағларининг ажратилишини камайтирмайди, аксинча Ҳукумат иқтисодиёт тармоқлари учун зарур бўлган малакали мутахассисларни тайёрлашда инвестор бўлиб қолади.Ўзини ўзи молиялаштирадиган ОТМлар фаолияти шаффоф бўлишига ҳамиша катта аҳамият қаратилади. Уларнинг йил давомида хизмат кўрсатиш, товарлар харид қилиш ва бошқа харажатларига сарфланадиган маблағлари, даромадлари бизнес-режа кўринишида олийгоҳлар қошида тузилган васийлик кенгашларига тақдим этилади. Васийлик кенгаши аъзолари таркибида жамоат вакиллари ҳам бўлиб, улар олий ўқув юрти амалга оширадиган ишлар режасини тасдиқлашади.
Бундан ташқари, очиқликни таъминлаш, тўлов-контракт нархларининг кескин ошиб кетмаслиги, қўшимча маблағ топиш мақсадида мавжуд имкониятларга зид равишда ортиқча қабулнинг амалга оширилмаслиги, энг муҳими, соҳада коррупцияга йўл қўймаслик учун ички аудит томонидан ва тегишли давлат ташкилотлар билан ҳамкорликда мониторинг олиб борилиб, қатъий назоратга олинади.
Янги тизим бўйича ишлайдиган ОТМларга профессор-ўқитувчилар, ишга жалб этилган мутахассисларни рағбатлантириш, унинг турлари ва миқдорини белгилаш, вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда таълим йўналишлари, мутахассисликлар ва қабул квоталарига ўзгартиришлар киритиш ваколатлари берилди. Шунингдек, тўлов-контракт миқдорини ҳам олийгоҳларнинг ўзи ўқитиш харажатларидан келиб чиқиб мустақил белгилайди. Тўлов-контракти асосида таълим олаётган талабаларнинг контракт тўлаш муддатлари томонлар келишувига кўра шартнома асосида белгиланади.
Ушбу имкониятлар олий таълим тизими ходимлари нуфузини оширишга, меҳнатга муносиб хақ тўлаш орқали ОТМларга ёш иқтидорли ва истиқболли мутахассисларни жалб этиб, соҳада соғлом рақобат муҳитини вужудга келтиришга хизмат қилади.
Сарвархон Бузрукхонов, олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари
2020 йилдан янги тизимда фаолият бошлаган ОТМлар қарийб 17 минг нафар талабани ўқишга қабул қилиши кутилмоқда. Бу 2019 йилдаги кўрсаткичдан 20 фоиз кўп демакдир.
Эслатиб ўтамиз, ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган 10 та олий таълим муассасаси қуйидагилар бўлиб, уларни танлаш жараёнида ОТМларнинг илмий педагогик салоҳияти юқорилиги, молиявий фаолиятининг барқарорлиги, моддий-техник базаси етарли даражадалиги, таълим хизматлари бозорида мазкур мутахассисликларга талаб юқорилиги инобатга олинган.
- Самарқанд давлат чет тиллар университети;
- Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти;
- Тошкент давлат юридик университети;
- Тошкент давлат иқтисодиёт университети;
- Тошкент молия институти;
- Тошкент давлат шарқшунослик институти;
- Тошкент фармацевтика институти;
- Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
- Урганч давлат университети;
- Тошкент темир йўл муҳандислари институти.
Изоҳ (0)