Маълумотларга қараганда Наримон Григорян уч кун аввал ўлдириб кетилган. Дизайнернинг Instagram’даги саҳифасига эса унинг жасади топилишидан икки кун аввал сурат жойланган. Бу маълумотлар Бош прокуратура томонидан тасдиқланди.
14 январь куни соат 11:50 ларда Яшнобод тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига Яшнобод тумани, Чигил кўчасида жойлашган хонадоннинг меҳмонхонасидан, ушбу хонадонда ижарада истиқомат қилиб келган 1985 йилда туғилган Наримон Григоряннинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилгани ҳақида хабар келиб тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Яшнобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши Тошкент шаҳар прокуратураси иш юритувига олиниб, малакали терговчиларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда.
Наримон Григорян ўзбекистонлик таниқли дизайнер, халқаро мода намойишлари, танловлари ва фестиваллари иштирокчиси эди. У 2004—2008 йилларда Ўзбекистон рақс академиясида таҳсил олган. У Тошкентда Nariman Grigoryan бренди остидаги мода уйларига эгалик қиларди.
Изоҳ (0)