«Янги давр» кўрсатуви ижодкорлари Термиздаги шифохонада 5 январь куни бемор боланинг бувиси томонидан калтакланган ҳамшира ҳамда унинг ҳамкасблари билан суҳбатлашди.
«Бемор келди, ҳамшира уни кўриб, тана ҳароратини ўлчаб, менинг олдимга киритмоқчи бўлганида боланинг бувиси келиб ҳамширани ҳақорат қила бошлади. Бу ҳам етмагандек уриб кетди. Ҳамшира йиқилиб тушди. Биз уларни ажратишга уриндик. Лекин аёл гапимизга қулоқ ҳам солмади, буёқда бола ҳам қолиб кетди», — дейди шифокор Норқувват Тошпўлатов.
Қайд этилишича, айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
«Боланинг иссиғини ўлчасам 38,5 экан. Отаси кўтариб турган эди. Момосига қараб, болани сиз олинг, орқамдан юринг, шамча қўйиб, иссиғини туширайлик, дедим. Шундан кейин боланинг бувиси менга ташланиб кетди. Роса урди, таёқ есам ҳам жойимдан турдим, боласига биринчи ёрдам кўрсатдим.
Бундай ҳурматсизликка аввал ҳеч ҳам дуч келмаганман. Сўкишарди, ҳақорат қилишарди, лекин таёқ емагандим. Уларнинг кирганига беш дақиқа ҳам бўлмаганди. Ичкарида иккита оғир касал бор эди», — дейди жабрланувчи ҳамшира Сабоҳат Бўриева.
Изоҳ (0)