Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зарифнинг маълум қилишича, Теҳрон Ироқдаги Америка базаларига ҳужум уюштириб, муносиб ҳаракат қилди. У ушбу фикрни БМТ Низомининг ўз ўзини мудофаа қилиш тўғрисидаги 51-моддасига асосланиб берган — унга кўра БМТ аъзосига қуролли ҳужум қилинган вақтда аъзо ўз-ўзини мудофаа қилишга ҳақли.

Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф.

Фото: EAdaily

«Эрон БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ ўз-ўзини мудофаа қилиш мақсадида бизнинг фуқароларимиз ва юқори мартабали шахсларимизга қарши қўрқоқларча ҳужум бошланган ҳарбий базани нишонга олиб, муносиб чоралар кўрди», — деб ёзди Зариф Twitter’даги саҳифасида. Унинг сўзларига кўра Эрон кескинликни ошириш ёки уруш келтириб чиқариш учун ҳаракат қилмайди, бироқ ҳар қандай агрессиядан ҳимояланади.

8 январь куни Эрон АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ракета зарбалари бергани маълум бўлди. Пентагондан маълум қилишларича, Асад ва Арбилдаги иккита базага Эрондан ўндан ортиқ ракета учирилган. Ҳужум учун жавобгарликни Исломий инқилоб муҳофизлари корпуси ўз зиммасига олган.

Корпус баёнотида таъкидланишича, корпуснинг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймонийнинг АҚШ ҳарбийлари томонидан ўлдирилишига жавобан, Эрон «Шаҳид Сулаймоний» номли махсус операция бошлаган.