Жамоат ташкилотлари ва хусусий компанияларда Ригада яшайдиган рус тилида сўзлашувчи одамлар ва шаҳарга меҳмон бўлиб келганлардан латиш тилидан таржима қилиш учун пулли хизматлар таклиф қилиш лозим, дея таъкидлаган Латвия пойтахти Думасининг консерватив партияси депутати Эва Мартужа.
Унинг сўзларига кўра, латиш тилини билмайдиганлар таржимон излаб топиши ва мутахассисга беш дақиқалик хизмат ва рус тилидан фойдаланиш учун ўн евро тўлаши лозим.
«Латиш тилидан рус тилига тўғридан-тўғри таржима қанчага тушади? Беш дақиқа учун 10 евро. Эски хатоларни унутиб, латвияликларга супермаркетлар, барча жамоат ташкилотлари ва хусусий фирмаларда бундай тўлов тизимини ташкил қилиш вақти келди. Тилни билмаганлар марҳамат қилиб таржимон қидирсин. Ушбу хизмат учун эса пул тўлаш лозим», — деб ёзган депутат Twitter’даги аккаунтида.
Латвияда латиш тили давлат тили мақомига эга. Рус тилида аҳолининг 40 фоиз қисми сўзлашади ва у хорижий тил ҳисобланади.